Санъаткор ҳам солиқ тўлаши керакми? – Жамиятдаги баҳсли саволга жавоб
Бугунги кунда мамлакатимиз солиқ тизимида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, “хуфиёна иқтисодиёт”га қарши кураш чоралари доирасида навбат санъат олами вакилларига келди. Солиқ қўмитаси томонидан эълон қилинган янги тартибга кўра, 2027 йилдан бошлаб санъаткорлардан даромад солиғини мажбурий ундириш тизими тўлиқ ишга туширилади. Бу масала жамиятда қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Оддий ишчи-хизматчилар ҳам ўз даромадидан солиқ тўлаётган бир пайтда, юқори даромадли санъаткорларнинг тизимдан ташқарида қолиши ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради.
Солиқ қўмитаси маълумотига кўра бугунги кунда мамлакатда 18 миллиондан ортиқ даромад олувчи шахс бўлса-да, санъаткорларнинг аксарияти ўз даромадларини тўлиқ декларация қилмаяпти.
2025-2026 йилларни “мослашув даври” сифатида тақдим этилган. Санъаткорлар, қўшиқчилар амалдаги тартиб бўйича декларация тўлдириши ва ўз даромадларини кўрсатиши керак. Шу асосда солиққа тортилиши лозим. Аммо, Солиқ қўмитасининг маълумот беришича, кўп санъаткорлар бунга риоя қилмаяпти, ўз даромадларини тўлиқ декларацияламаяпти. Шу сабаб улардан солиқ ундириб бўлмаяпти.

2027 йил 1 январдан бошлаб санъаткорлар ўз даромадларини тўлиқ кўрсатмаса ёки солиқлардан қочса, солиқ назорати текширувлари ўтказилиб, солиқларни ҳисоблаш ва ундириш ҳақида қарор берилди. Бунда “Бир хизмат – бир тўлов” тамойили асосида ҳар бир тўй ёки тадбирни махсус илова орқали рўйхатдан ўтказиш назарда тутилмоқда.
Маданият вазирлиги ва соҳа вакиллари солиқ тўлашга қарши эмас, бироқ таклиф этилаётган масалаларга эътироз билдиришмоқда. Вазирлик Адлия вазирлигига киритган расмий эътирозида бир қатор нозик жиҳатларни санаб ўтди. Мисол учун, санъаткорларнинг даромади бир хил эмас. Машҳур юлдуз билан чекка қишлоқдаги созандани бир хил тарози билан ўлчаш адолатдан эмас. Вазирлик солиқларни тоифаларга бўлган ҳолда белгилашни сўрамоқда.
Бу масалада фақатгина даромад эмас, харажат масаласи ҳам мавжуд. Санъаткорларнинг даромади соф фойда эмас. Қўшиқ ёзиш, клип суратга олиш, либослар, лицензия тўловлари ва ижодий жамоанинг маоши – буларнинг барчаси ижодкорнинг ўз ёнидан қопланади. Давлат томонидан бу харажатлар учун субсидия берилмаслигини ҳисобга олсак, даромад солиғи умумий тушумдан эмас, балки соф фойдадан олиниши кераклиги талаб қилинмоқда. Лойиҳа бўйича, ҳатто бепул хизмат кўрсатилганда ҳам солиқ ундирилиши мумкинлиги айтилган. Бу эса ижодкорлар ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқарди.
Муаммо солиқнинг ўзида эмас, балки унинг қандай ундирилаётганидадир. Агар Маданият вазирлиги таклиф қилаётганидек, солиқлар табақалаштирилса ва ижодкорнинг сарф-харажатлари инобатга олинса, бу тизим ўз самарасини беради. Санъаткор ҳам фуқаро сифатида жамият олдидаги масъулиятини ҳис қилиши, давлат эса ижодкорнинг эркин фаолият юритиши учун адолатли муҳит яратиб бериши лозим.
Солиқ тизимидаги ушбу ислоҳот Ўзбекистон иқтисодиётини шаффофлаштириш йўлидаги қадамдир. Бироқ, бу жараён “муросасизлик”га айланиб қолмаслиги лозим. Солиқ тўлаш уларга нафақат мажбурият, балки қўшимча ҳуқуқий имтиёзлар ҳам беради. Тўлиқ декларация топширган ижодкор келажакда ижтимоий ҳимоя, пенсия, банк кредитлари, қонуний шартномалар имкониятларидан кенгроқ фойдалана олади.
Солиқ ҳар бир фуқаронинг бурчи, лекин у адолатли ва оқилона бўлиши шарт. Санъаткорлардан солиқ ундириш масаласи фақатгина бюджетни тўлдириш манбаи эмас, балки жамиятда тенгликни таъминлаш воситаси сифатида қаралиши зарур.
Солиқ қўмитаси Маданият вазирлиги ва ижодкорлар уюшмалари билан бирга ҳар бир санъаткорнинг – клип, студия, кийим-кечак каби молиявий харажатларни ҳам ҳисобга олувчи, табақалаштирилган ставкаларни ишлаб чиқиши лозим. 2027 йилда бошланувчи янги давр санъатни “солиқ қафаси”га солиш учун эмас, балки уни замонавий ва қонуний иқтисодиётга ўтказиш учун сарфланиши керак. Зеро, маданият ривожланиши учун ижодкор ўзини нафақат қонун олдида масъул, балки иқтисодий жиҳатдан ҳимояланган ҳис этиши лозим.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА