“Санъатимиз мангу, дўстлигимиз абадий”
Бухоро вилояти мазкур шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси маданият кунлари ўтказилмоқда.
Мусиқа ва санъат соҳаси вакиллари, шоир ва ёзувчилардан иборат маданият ходимлари Қорақалпоғистон Республикасининг ўзига хос урф-одатлари, бахши, жиров, достончилик, рақсларни ўзида жамлаган, миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этишга қаратилган концерт дастурини намойиш этмоқда.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Гулхатиша Айымбетова ижросидаги “Буюк Ватан Ўзбекистон”, “Биле кел”, Қорақалпоғистон халқ бахшиси Гулнора Алламбергенова ижросидаги “Орол мунги”, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артистлар Сададдин Сапаевнинг “Эсар Жайхун шамоллари”, Муҳаббат Нуржонованинг “Тановар”, Сабриназ Аннаыулованинг “Муҳаббат бахти хандони”, Бахадыр Разымбетовнинг “Оқ қуш”, Ниҳол давлат мукофоти соҳиби Наурыз Мухаммадияровнинг “Ажиниёз” операсидан арияси ҳамда “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли жамоаси ижросидаги рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
[gallery-6867]
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси Даўитбай Курбаниязов, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботиржон Шахриёров ва бошқалар сўзга чиқиб, ташкил этилаётган маданият кунларининг аҳамияти хусусида тўхталди. Бу тадбирлар икки қон-қардош халқларнинг янада яқинлашишида, аҳолининг мароқли ва мазмунли дам олишини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Она Ватанни, муҳаббат ва дўстликни тараннум этаётган ажойиб дастур билан меҳмон бўлиб турган қорақалпоқ ижодкорлари, хусусан, ташкилотчи мутасаддиларга вилоят ва шаҳар аҳолиси номидан миннатдорлик билдирилди. Қорақалпоқ маданиятининг ўзига хос жиҳатлари, такрорланмас санъати борлиги алоҳида эътироф этилди. Мазкур анъанани давом эттирган ҳолда Оролбўйи ҳудудларидаги чекка-чекка овулларда ҳам Бухоро маданият кунлари тадбирларини ташкил этилиши маълум қилинди.
Қорақалпоқ Республикаси маданият кунлари тадбирлари вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА