Санъати абадий ҳофизга давлат эътирофи (+видео)
Расулқори Мамадалиев бетакрор ҳофиз, шоир, аскиячи ва ҳалол инсон, меҳрибон устоз эди.
У туғма ожиз бўлган. Лекин яратган унга жуда ўткир зеҳн ва идрок кўзини ато этганди. Бир тинглаган шеърни ёд олар, куй ёки қўшиқни ўшандай такрорда ижро қиларди.
Расулқори устоз атиги 49 йил умр кўрди. Аммо ундан 9 фарзанд, юзлаб маромига етказиб ижро қилинган мақом йўлидаги қўшиқлар ва яна юзлаб ўзи ижод қилган ашулалар қолди.
Ҳофиз сўзга, шеърга ғоят талабчан бўлганлар. Маъносини англамаган бирон сўз қатнашган қўшиқни ижро этмаган. Устоз санъаткор Бувайда тумани маданий ҳаётида фидойилик билан хизмат қилди. Шогирдлар чиқарди. Аммо умри давомида устоз санъаткорларнинг устози бўла олган Расулқори Мамадалиев ижоди расман эътироф этилмаган эди.
Шундай пайтда Ўзбекистон Президентининг ватан, халқ хизматида фидойилик кўрсатган марҳум санъаткорларни, улар қаторида ҳофиз Расулқори Мамадалиевни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармони эълон қилинди.
– Бу йил дадам туғилганларига 100 йил, оламдан ўтганларига 50 йил тўлди, – дейди ҳофизнинг ўғли Муҳаммадсодиқ Мамадалиев. – 50 йил ўтиб дадамиз “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бу хабардан дунёга сиғмай қолдим. Шу нарсани англадимки, Президентимиз санъатни, санъаткорнинг меҳнатини кузатиб юрар эканлар. Бу мукофот учун Президентимизга миннатдорчилик билдираман.
Бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Бувайда тумани Жийдали маҳалласидаги ҳофизнинг хонадонига ташриф буюрди. Ҳозир бу хонадонда санъаткорнинг фарзандлари, набира ва эваралари истиқомат қилади. Сенат раиси Расулқори Мамадалиевнинг ўзбек мумтоз санъатига қўшган улкан ҳиссасини юксак баҳоланиши йиллар ўтсада адолат барқарор эканини таъкидлади ҳамда ҳофизнинг оила аъзоларига давлатнинг юксак мукофотини топширди.
– Қилинган меҳнат, олинган илм, бедор тунлар, меҳнат машаққатлари жавобсиз қолмас экан, – дейди ҳофизнинг набираси Одилхон Мамадалиев – Биз ҳам бобомдек санъаткор бўлиб тарихда қолиш, халқимиз, Президентимизга хизмат қилишга ҳаётимизни бағишлаймиз.
[gallery-29709]
Тадбирда сўзга чиққан Расулқори Мамадалиевнинг фарзандлари, шогирдлари ва санъат мухлислари Янги Ўзбекистонда халқ, Ватан учун қилинган меҳнат ҳеч қачон эсдан чиқмаслигини фахр билан эътироф қилдилар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZULGqbJksyo" title="SAN’ATI ABADIY HOFIZGA DAVLAT E’TIROFI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов.