СамДУ талабаларига Нобель мукофоти соҳиби дарс ўтмоқда
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имкониятини янада кенгайтириш, масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш юзасидан маълумот берилди.
– Бугун университетда кундузги бакалавриат таълим йўналишида 14 минг 850 нафар, сиртқи ва кечки таълим йўналишларида 10 минг нафар талаба таҳсил олмоқда, – деди университет ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев. – Бундан кейин бу рақамлар яна ҳам ошиб боради. Сиртқи ва кечки таълим шакллари билан бирга масофавий таълим ҳам йўлга қўйилади.
Бу – бугунги кун талаби. Хориждаги нуфузли олий ўқув юртларида бу тизим йўлга қўйилган ва ўз самарасини бермоқда. Биз ҳам албатта, ушбу жараёнларга қўшиламиз. Лекин пандемия шароити масофавий таълимда ҳали кўп камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Бу ҳам табиий жараён. Аввало жамиятда олий таълим олишга, ёшларда касб-мутахассислик ўрганишга муносабат ўзгариши керак. Ҳалигача диплом учун ўқиётганлар бор. Ваҳоланки, энди ҳамма дипломли эмас, ўз мутахассислигини пухта эгаллаган, билим ёшлар танлов асосида, белгиланган суҳбат ёки бошқа синовлардан ўтиб ишга қабул қилинади. Шунинг учун бугун ёшлар олий ўқув юртига ўқишга киришга интилар экан, ўз олдига аниқ мақсад қўйиши, танлаган йўналиши бўйича чуқур билим олиб, мутахассисликни эгаллаши лозим.
Матбуот анжуманида университетда масофавий таълимни жорий этиш борасида амалиётга жорий этилаётган янгиликлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
– Ҳозирда талабаларимизга 67 нафар хорижлик профессор-ўқитувчи онлайн дарс ўтмоқда, – деди А.Солиев. – Жумладан, Нобель мукофоти соҳиби, АҚШнинг Шимолий Каролина университети профессори Азиз Санжар, Италиянинг Болоня университети профессори С.Мантеллини Симоне ўз юртида туриб онлайн машғулотларни олиб боряпти. Илм оламан, яхши мутахассис бўламан, деган талаба бу имкониятдан унумли фойдаланмоқда. Ҳаммаси талабага боғлиқ. Қайд этилишича, университетда талабалар билимини баҳолаш бўлими ташкил этилган бўлиб, унда барча таълим йўналишларидаги талабалар анъанавий тарзда имтиҳон топширади. Дарс ўтган профессор-ўқитувчи имтиҳонга аралашмайди, мазкур бўлим олади. Ёзма ишларни текшириб, баҳолаш учун республикамиздаги 16 та олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари билан шартнома имзоланган. Бунинг учун уларга ҳақ тўланади.
Матбуот анжумани давомида келгуси ўқув йилидан университетда кечки таълим шакли бўйича ҳам магистратурага қабул амалга оширилиши режалаштирилаётгани таъкидланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА