Самарқанддаги барча маҳаллаларда раис сайланди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори асосида жорий йилнинг май ойида юртимизда фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказиш белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб 2022 йил 28 мартда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг “Вилоятда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида вилоятда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия тузилди, тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ўз навбатида туман ва шаҳарларда ҳам маҳаллий кенгашлар қарорлари билан кўмаклашувчи комиссиялар тузилди, амалга ошириладиган ишлар дастури белгилаб олинди.

– Икки ой давомида вилоятда амалдаги қонунчиликка мувофиқ сайловга тайёргарлик кўрилди, – дейди Самарқанд вилоятида сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия раиси ўринбосари И.Жабборов. – Маҳаллаларда ишчи гуруҳлар тузилиб, раисликка номзодлар кўрсатиш, вакиллар йиғилишларида қатнашадиган сайловчиларни аниқлаш, сайлов ўтказиладиган жойларни танлаш ва бошқа шу каби ташкилий ишлар бажарилди. Бу жараёнда кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзолари учун бир неча бор семинарлар ташкил этилди. Туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари томонидан раисликка номзодлар ўрганилди, суҳбатлар ўтказилди.
Вилоят, шаҳар ва туманлар кўмаклашувчи комиссия аъзолари ҳамда вилоятнинг 1126 та маҳалласида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла раислигига қўйиладиган талаблар асосида маҳаллада доимий яшовчи фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда, маҳаллада камида беш йилдан буён доимий яшаб келаётган, ташкилотчилик қобилиятига, иш ва ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга 2 нафардан 4 нафаргача жами 4302 нафар фуқаро номзоди кўрсатилди. Улар орасидан 2700 нафарга яқин номзод сараланди ва аҳоли 1126 нафар номзодни ўзларига етакчи қилиб сайлади.
Сайлов жараёнида жами 234 минг нафар фуқаро овоз беришда иштирок этди. Сайланган маҳалла раисларининг 354 нафари (31 фоизи)ни илгари ушбу вазифада ишлаганлар, 772 нафари (69 фоизи)ни илк бор оқсоқолликка муносиб кўрилганлар ташкил этди. Ёш бўйича таҳлилига кўра, раисларнинг 9 нафари 30 ёшгача, 210 нафари 30-40 ёшли, 316 нафари 40-50 ёшли, 465 нафари 50-60 ёшли, 126 нафари 60 ёшдан юқори ҳисобланади. Бу гал раисларнинг 1087 нафарини олий маълумотлилар, 39 нафарини ўрта-махсус маълумотга эга шахслар ташкил этди.

Мутахассислиги бўйича 307 нафари ўқитувчи, 270 нафари иқтисодчи, 89 нафари агроном, 71 нафари ҳуқуқшунос, 17 нафари шифокор ва 372 нафари бошқа касб эгалари ҳисобланади. 17 нафар раис бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамдир. Эътиборлиси, 97 нафар аёлларга маҳалла раислиги ишониб топширилди.
Сайлов жараёнида келиб тушган 113 та мурожаатнинг 97 тасига жавоб берилди ва қолган 16 таси айни пайтда кўриб чиқилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА