Самарқандда сел оқибатлари бартараф этиляпти
27-28 март кунлари ёққан кучли ёмғир сабаб Самарқанд вилоятининг турли ҳудудларида сел ва сув тошқинлари кузатилди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, 27 март куни Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўчаларда, Оқдарё тумани марказидаги Наврўз ва А.Қодирий кўчаларида, деҳқон бозори ички йўлларида, Каттақўрғон туманидаги Мирзо Улуғбек маҳалласи Алишер Навоий кўчасида, Каттақўрғон шаҳридаги Бобур кўчасида ёмғир сувлари тўпланиб қолган. Қўшработ тумани Жўш маҳалласи ҳудудидаги айрим сойларда эса сел келиб, автомобиллар қатновига ноқулайлик туғдирган.
Мазкур ҳолатларни бартараф этиш учун ФВБ ва унинг тасарруфидаги бўлинмалар томонидан зарур куч ва воситалар жалб қилинган.

28 март куни Пахтачи туманининг Кештали, Гулистон, Янгиобод ва Гўрўғли маҳаллаларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел хавфи пайдо бўлди. Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бунинг оқибатида тумандаги бир қатор йўллар ва кўприклар жиддий зарар кўрди. Сув тошқини оқибатида айрим йўлларда транспорт воситалари ҳаракати тўхтатилди.
Сел келган ҳудудларда табиий офат кўлами кенгайишининг олдини олиш мақсадида сектор раҳбари, Зарафшон, Нарпай ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан тезкор чоралар кўрилди.

Кейинги икки кундаги кучли ёғингарчилик Каттақўрғон туманининг Мойбулоқ, Жарбоши ва Олтинсой қишлоқларига сел келишига сабаб бўлди. Туман марказининг айрим кўчаларига сув тўпланиб, кўп қаватли ўйларнинг ертўлаларига сув кириши ҳолатлари кузатилди. Ариқлардаги сел йўлларини тозалаш, кўп қаватли турар жойларнинг ертўлаларидан сувларни чиқариш учун фавқулодда вазиятлар бўлими ва бошқа тегишли хизматларнинг махсус техника ва куч воситалари сафарбар этилиб, табиий офат оқибатлари бартараф этилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА