Самарқандда ўтган БМТ форуми Ўмон нашрлари нигоҳида
Маълумки, яқинда Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Давлат хизматлари форуми бўлиб ўтди. Ўмон Султонлигининг қатор нашрлари меҳнат вазири, доктор Маҳад бин Саид Баъвин бошчилигидаги делегация ушбу араб давлатининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр бин Носир Ал-Бусайдий хоним ҳамроҳлигида мазкур анжуманда қатнашганини кенг ёритди.
Мақолаларда форум доирасида ўмонлик меҳмон Ўзбекистон Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Пўлат Бобожонов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Амиртемурхон Мусаев, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева билан қатор музокаралар ўтказгани таъкидланган.

Мулоқотлар чоғида икки дўст давлат ўртасида меҳнат, бандлик, давлат секторида инсон ресурсларини ривожлантириш, касб-ҳунар таълими ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболи муҳокамасига эътибор қаратилган.
– Форум “2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизмати кўрсатишни жадаллаштириш” мавзусида ўтди, – дейилган мақолада. – Анжуман Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва Африкадан, жумладан Самоа ва Бутан каби кичик давлатлар вазирлари, давлат хизматига масъул идоралар раҳбарларини бирлаштирди. Шунингдек, тадбирда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий доира, фуқаролик жамияти, хусусий сектор вакиллари ва инновация етакчилари ҳам иштирок этди.
Муаллифлар форум доирасида ялпи мажлис, турли мавзуда муҳокама ва стратегик мулоқотлар, илғор амалиёт тақдимоти, шунингдек халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса ривожланаётган давлатлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда давлат хизматидан тенг ва адолатли фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган Самарқанд вазирлар декларацияси муҳокама қилинганига урғу берган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА