Самарқандда бу йил биносиз маҳалла қолмайди
Вилоят ҳокими Э.Турдимов ва вилоят, туман, шаҳар сектор раҳбарлари, мутасаддилар иштирокида маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилган йиғилишда ана шундай қарорга келгинди.
Маълумотларга кўра, йил бошидан буён вилоятда 135 та маҳалла учун бино қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айни пайтда 34 та маҳалла ўз биносига эга эмас. Лекин сентябрь ойида 20 та, йил якунигача яна йигирмадан ортиқ маҳалла учун бино қурилиб, фойдаланишга топширилади.
– Йилнинг номланиши ва дастур талабларидан келиб чиқиб, бу борадаги ишларни йил аввалида бошлагандик ва шу пайтгача маълум бир натижаларга эришдик, – деди Э.Турдимов. – Лекин учинчи чорак якунига етаётган бир пайтда 34 та маҳалланинг ҳалигача ўз биносига эга бўлмагани, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарларининг бу ишга астойдил киришмаганидан далолат беради. Бино учун ер, маблағ масаласи ҳал қилиб берилмоқда, бу борада муаммо юзага келса ечиб беришга тайёрмиз. Гап раҳбарларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиб, маҳалла аҳли бошини бириктирган ҳолда ишларни ўз вақтида бажаришида қолмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинида ишловчи беш кишига шароит қилиб берилса, ҳудуддаги кўп муаммоларга ечим топилади, маҳалла аҳолиси борадиган эшик пайдо бўлади. Шунинг учун 34 та маҳалланинг барчаси 8 декабрга қадар ўз биносига кўчиб ўтиши керак.
Эслатиб ўтамиз, вилоятда август ойида Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига 31 маҳалла биноси фойдаланишга топширилган эди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА