Самарқандда бўш иш ўринлари ярмаркалари
Давлатимиз раҳбарининг яқинда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар, миграциядан қайтган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят миқёсида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир бир вақтнинг ўзида Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Пастдарғом туманлари аҳолиси учун Самарқанд шаҳридаги касбий кўникмалар марказида, Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нарпай туманлари фуқаролари учун Каттақўрғондаги мономарказда ҳамда Ургут ва Тойлоқ туманлари аҳолиси учун Ургутдаги “SAM ELEKTRO SERVIS” корхонасида бўлиб ўтди.

Жумладан, Ургут туманида ишсиз ёшларни аниқлаш бўйича ўтказилган кенг қамровли хатловда рўйхатга олинган 1200 нафар ишсиз ёш ярмаркага таклиф этилиб, уларга тумандаги корхоналарда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди.

– Хатлов якунлари бўйича 560 нафар ёшни доимий иш ўринларига жойлаштириш, 191 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш режалаштирилган, – дейди Ургут тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Акбар Алмасав. – Хорижда ишлаш истагини билдирган 218 нафар ёшга ҳам мазкур фаолиятни қонуний асосда ташкил этиш юзасидан маслаҳат берилиб, улар Ташқи меҳнат миграция агентлиги ҳудудий бўлимига йўналтирилди. Шунингдек, 81 нафар йигит-қизга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиб, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Меҳнат ярмаркасида Ургут ва Тойлоқ туманларидаги корхоналар ва тадбиркорлик субъектларида мавжуд бўш иш ўринлари таклиф этилди. 24 та корхона 619 та реал иш ўрни билан қатнашди.
Тадбирда қатнашган 550 нафардан ортиқ фуқароларнинг 82 нафари ишга жойлашди. Жумладан, 48 нафар ёш Ургут туманидаги “Sam Ferre” корхонасида, 22 нафари “SAM ELEKTRO LUX” масъулияти чекланган жамиятида ишлаш учун йўлланма олди.
Шунингдек, ярмарка доирасида 33 нафар йигит-қиз хорижий тил курсларига йўналтирилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири