Самарқандда 194 та маҳалла биноси қурилади
Самарқанд вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамалаш масаласи муҳокама этилган йиғилишда вилоят ҳокими айни пайтда 86 та маҳалла ўз биносига эга эмаслиги, 40 та маҳалла бир хонали, 177 та маҳалла 2 хонали бинода фаолият кўрсатаётганини таъкидланган эди.
– Тўғри, бугун вилоятимизда мавжуд 1123 та маҳалла фуқаролар йиғинининг барчаси ҳам талабга жавоб берадиган бинога эмас, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи И.Жабборов.

– Туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда бундай фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қуриш, қулай шароитга эга биноларга кўчириш бўйича иш олиб боряпмиз. Вилоятимиз ҳокими бошчилигида ўтказилган йиғилишдан сўнг, қайта хатлов ўтказиб, аксарият маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилди. Февраль ойининг ўзида 29 та маҳалла янги бинога кўчиб ўтди. Март ойида яна 34 та замонавий маҳалла марказлари фойдаланишга топширилади. Умуман, бу йил вилоятимизда 194 та маҳалла биноси қуриш режалаштирилган.

Ўтган шанба куни вилоятнинг олис ҳудуди – Қўшработда бешта маҳалла маркази фойдаланишга топширилди. Пичот, Мустақиллик, Шова, Қовунчи ва Намуна маҳаллаларида бюджет маблағлари ҳисобидан бунёд этилган биноларда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори учун алоҳида хона ва зарур шароитлар яратилган. Янги биноларнинг очилиш тадбирларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди ва маҳалла марказларида ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА