Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари ва Жаҳон банкининг “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” (МУНИС) лойиҳаси вакилларининг учрашуви ўтказилди.
Учрашувда инновацион ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришнинг Самарқанд тажрибаси, амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар, Самарқанд вилоятини инновацион хабга айлантириш, йирик ишлаб чиқариш корхоналарида R&D марказларини ташкил этиш ҳамда келгусида вилоятнинг инновацион инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Жаҳон банки вакиллари “Самарқанд ёшлар технопарки” фаолияти билан ҳам танишди.
***
Самарқанд шаҳри ва Хитойнинг Ланчжоу ҳамда Россиянинг Рязань шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гумантар ҳамкорлик бўйича англашув меморандумлари имзоланди.

Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров Рязань ва Ланчжоу шаҳарлари раҳбарлари билан учрашувда қадимий ва ҳамиша навқирон кентнинг иқтисодий имкониятлари, туристик салоҳияти ва маданий ҳаёти ҳақида маълумот бериб, Россия ва Хитойдаги тарихий шаҳарлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш томонлар учун манфаатли бўлишини таъкидлади.
***
ТАТУ Самарқанд филиалида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Азиз Саид, Дилшод Ражабов ва Ориф Тўхташев билан учрашув ўтказилди.

Ижодкорлар талабалар билан самимий мулоқотга киришиб, ўз ёшлик йиллари, меҳнат фаолияти ҳақида гапириб, ижод намуналаридан ўқишди.
***
Самарқанд туманида “Бир бўлсак – халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида маънавий тадбирлар ўтказилди.

Ижодкорлар билан учрашувлар, спорт мусобақалари ва танловлар якунида туман марказидаги Гулобод қўрғонида капитал таъмирланган амфитеатрда таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири