Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири ва туман сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда аҳоли томонидан экинларни суғориш учун сув етишмаслиги, саломатни тиклаш, коммунал хизматлар ва уй-жой масалалари билан боғлиқ 100 дан зиёд мурожаат қайд этилди. 30 та масала шу ернинг ўзида мутасаддилар иштирокида ҳал этилди.

– Мурожаатларни эшитиш жараёнида вақт ва маблағ талаб этадиган бир қатор масалаларга дуч келдик, – дейди Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев. – Бу масалаларни вилоят ҳокимлиги ва бошқа тегишли идоралар билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўрамиз. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди.
****
Самарқанд болалар жарроҳлиги илмий маркази мутахассислари томонидан Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли тиббиёт маркази ва унинг Жўш филиалида болаларга ўз вақтида, юқори малакали жарроҳлик ёрдами кўрсатишга бағишланган ўқув-семинарлар ўтказилди.

Тадбирларда муассасалар тиббий-санитария ёрдами шифокорларига болаларда кенг тарқалган жарроҳлик касалликларини барвақт аниқлаш бўйича тушунча берилди, уларнинг билим ва малакаси оширилди.
****
Жорий йилнинг 6 ой давомида Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан 780 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 26 миллиард 394 миллион сўмлик товарлар ушлаб қолинган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан 13 миллиард 423 миллион сўм божхона тўловлари ҳисобланган. Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда ҳуқуқбузарликлар сони 237 тага, товарлар қиймати 10 миллиард 762 миллион сўмга ошган.
****
Нурободлик Шабнам Тошмуродова яқинда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси томонидан ташкил этилган “Маҳалладаги китобхон” республика кўрик-танловида ғолиб бўлган эди.
Туман ҳокими С.Бердиқулов Шабнам ва унинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Ушбу китобхон хонадонга китоб жавонлари совға қилинди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири