Самарқанд ва Шэньси ҳамкорлиги ривожланади
Хитойнинг Шэньси провинцияси губернатори Чжао Ган бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Самарқанд ва Шэньси ўртасидаги дўстона алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда, шерикликнинг турли шакллари ривожланмоқда, товар айирбошлаш ҳажми кўпаймоқда. Энг муҳими, кўп йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш истаги ортиб боряпти.


Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва Шэньси провинцияси губернатори Чжао Ган бошчилигидаги ХХР делегацияси учрашувида сўз юритилди. Мулоқот илиқ, дўстона муҳитда ўтди.
Вилоят ҳокими жорий йилнинг январь ойида Самарқанд делегациясининг Шэньси провинциясига ташрифи чоғида кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдирди. Яқин алоқалар туфайли бугунги кунда аниқ натижалар мавжуд. Икки ҳудуд ишбилармонлари ўртасида қирқдан ортиқ шартнома имзоланди. Яқинда шэньсилик тадбиркорлар Самарқандда бўлиб, мавжуд салоҳият билан танишди ва ўн бир йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.


– Бу галги учрашувимиз минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлади, – деди Э.Турдимов. – Бугун Шэньсининг кўп соҳалардаги тажрибаси биз учун муҳим ва уларни ўзимизда қўллаяпмиз. Маданият ва туризм соҳаларида ҳам имкониятларимиз жуда катта. Шу боис икки минтақа шаҳарларида нафақат бизнес форумлар, шу билан бирга маданият кунлари ўтказиш ҳам аҳамиятлидир.
Шэньси губернатори вилоят ҳокимининг фикрлари ва таклифларини қўллаб-қувватлади ва ўзаро ҳамкорлик учун кенг истиқболлар мавжудлигини айтди. Савдо ва сармоя, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги технологияси, таълим, фан ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф қилди.

Якунда томонлар икки ҳудуд муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш ва белгиланган барча масалалар бўйича яқиндан ҳамкорлик алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири