Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректорати ва университет касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ходимлар учун Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат дастлаб Самарқанд шаҳридан бошланди. Унда университет жамоаси юртимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини ўзида мужассам этган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Регистон майдони, Бибихоним масжиди ва Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбараларини зиёрат қилишди.

Шунингдек, иштирокчилар шаҳардаги музейлар ва маданий дам олиш масканларида бўлиб, Самарқанднинг бетакрор тарихий муҳитидан завқланди.
Шундан сўнг, саёҳат Бухоро шаҳрида давом этди. Университет ходимлари қадимий ва кўҳна Бухоронинг тарихий-археологик ёдгорликлари, музейлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишди. Ташриф давомида иштирокчилар халқимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва тарихий обидалари ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлди.

Ушбу саёҳат ходимлар учун нафақат қизиқарли дам олиш, балки юртимизнинг диққатга сазовор жойларини чуқурроқ англаш, уларнинг маданий-маънавий дунёқарашини янада бойитиш, жамоа аъзолари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА