Самарқанд глобал конференцияси ёшларни тинчлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида бирлаштирди
Бугун, 2026 йил 4 сентябрь куни Самарқанддаги «Буюк ипак йўли» (Silk Road Samarkand) халқаро туризм марказида жойлашган Конгресс марказида Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан билан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман Олий Мажлис Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
4 - 6 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур нуфузли анжуман “Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида” мавзусига бағишланди. Унда дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан ёш парламент аъзолари, 11 халқаро ташкилот вакилларидан иборат 250 га яқин иштирокчи қатнашмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг глобал конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.
Табрикда Ўзбекистон БМТнинг «Ёшлар - 2030» стратегиясини жадал амалга ошираётган дунёнинг ўнта етакчи давлати қаторидан ўрин олаётгани қайд этилди. Мамлакатимиз глобал ёшлар тараққиёти индексида энг тез ривожланаётган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган.
“Ишончим комилки, анжуман доирасидаги мулоқот ва мунозаралар очиқ, конструктив ва амалий руҳда кечади. Уларда илгари суриладиган ташаббуслар, қабул қилинадиган самарали ҳужжатлар ва янги ҳамкорлик механизмлари ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик институтларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деб алоҳида таъкидлаган Президент.

Сенат Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор хорижий парламентлар аъзолари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, янгиланган Конституция, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ва бошқа стратегик ҳужжатларда ёшлар манфаатлари устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Конференция мавзусидан келиб чиқиб, Сенат Раиси муҳим учта устувор йўналишни таклиф қилди. Жумладан, ёшларни сиёсатнинг объекти эмас, қарорларнинг ҳаммуаллифига айлантириш, ҳуқуқларни аниқ ҳимоя механизмлари билан таъминлаш, ҳуқуқларни реал имкониятларга айлантиришга оид муҳим йўналишлар бўйича аниқ таклифларни баён этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ёшлар масаласига қаратилаётган эътиборнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, ёшларга имконият беришнинг энг юқори кўриниши уларнинг ўзлари қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этишидир. Шу мақсадда парламент фаолиятида ҳам ёшлар билан ишлашнинг институционал механизмлари жорий этилди.
Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон ёшларнинг овози халқаро миқёсда муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларида тобора катта аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Айниқса, турли мамлакатлардан келган ёш парламент аъзоларининг ўзаро мулоқоти, тажриба алмашинуви ва ҳамкорлиги бугунги глобал муаммоларни ҳал қилишга янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Анда Филип ёшларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнида муносиб ва мазмунли ўрин эгаллаши муҳимлигига доимо ишониб келганини таъкидлади. Парламентлараро иттифоқнинг ёш парламент аъзолари шиори – «Биз ҳақимизда қарорлар бизсиз қабул қилинмасин», деган фикрига тўлиқ қўшиламан. Бу оддий тамойил бўлиб кўриниши мумкин, аммо у парламент фаолиятининг моҳияти ва инклюзивликнинг муҳим эканининг асосини ташкил этади.
Глобал конференция давомида ўтказилган сессияларда инсон ҳуқуқлари ва ёшларнинг сиёсий иштироки, ижтимоий адолат, рақамли хавфсизлик, таълим ва муносиб меҳнат, ёш аёлларнинг сиёсий фаоллиги, шунингдек, парламентларнинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги роли каби қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ёшлар замонавий дунёдаги долзарб муаммолар юзасидан ўз фикр ва ташаббусларини билдирди ҳамда инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлаш, тинчлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, барқарор тараққиётга эришиш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашди.
Умуман, бугун Самарқанд нафақат ёшларнинг мулоқот майдони, балки муҳим учрашувлар марказига ҳам айланди.
Тадбир якунида ёш парламент аъзоларининг таклиф ва ташаббусларини ўзида акс эттирган глобал конференциянинг якуний ҳужжати қабул қилиниши кутилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА