Самарқанд Глобал экологик фонд кенгашининг 71-йиғилиши бошланди
Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонд (GEF) кенгашининг 71-йиғилиши ўз ишини бошлади.
GEFнинг VIII Ассамблеяси ҳамда “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси арафасида ўтказилаётган йиғилишда фондга аъзо 186 мамлакат вакиллари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, экологик агентликлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Глобал экологик фонд бош директори ҳамда стратегия ва операциялар бўйича директори Клод Гаскон нутқ сўзлади.

Азиз Абдуҳакимов ўз сўзида GEFнинг Ассамблеяси ва унга ҳамроҳ тадбирларнинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон учун катта шараф эканлигини таъкидлади.
- Асрлар давомида Самарқанд турли қитъалардаги инсонлар, маданиятлар ва ғояларни боғлаб келган, - деди А. Абдуҳакимов. - Бугун эса шаҳар умумий экологик муаммоларни ҳал этиш йўлидаги глобал ҳамкорлик маркази сифатида барчамизни бирлаштирмоқда.
Ассамблеянинг бу йилги мавзуси — “2030 йил учун сўнгги интилиш” — экологик инқироз кучайиб бораётган ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш учун вақт тобора қисқараётган шароитда, айниқса, долзарб экани қайд этилди.

Ўзбекистон GEF билан узоқ йиллик ҳамкорликни юксак қадрлаши таъкидланди. Ҳамкорлик йиллари давомида жамғарма мамлакатга биологик хилма-хилликни сақлаш, жумладан, қор қоплонини муҳофаза қилиш, Оролбўйи экотизимларини тиклаш, иқлимга чидамлиликни ошириш, ер ва чиқиндиларни барқарор бошқариш тизимларини такомиллаштиришда кўмаклашди.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги GEF лойиҳалари портфели умумий қиймати 56 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 13 та лойиҳани ўз ичига олади. Бундан ташқари, қиймати 30 миллион доллардан ортиқ бўлган 5 та янги лойиҳа портфели ҳам шакллантирилган.
Кенгаш йиғилишлари давомида океанлар ва биохилма-хилликни сақлаш, барқарор инфратузилмани ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда аралаш молиялаштириш механизмларини жорий этишга оид лойиҳалар муҳокама қилинади. Хусусан, қайта тикланувчи энергетика ва энергия сақлаш тизимлари, жумладан, Ўзбекистон учун мўлжалланган ташаббуслар ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, GEF-9 дастурий стратегиясини тасдиқлаш, энг кам ривожланган мамлакатлар ва кичик орол давлатларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг экологик мақсадларга эришишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилади. Ассамблея арафасида Самарқандда GEF фуқаролик жамияти ташкилотлари Форуми ҳам ўтказилади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари