"Самарқанд бирдамлик ташаббуси" – ёшлар нигоҳида
Ўзбекистон Бадиий академиясида “Самарқанд бирдамлик ташаббуси – ёшлар нигоҳида” мавзусидаги ёш рассомлар кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш ва иштирокчилар ижодий ишлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида бошланган илғор ва ҳаётбахш ғоялар янги лойиҳаларга замин бўлаётгани, мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзаётганини таъкилади.

“Самарқанд бирдамлик ташаббуси” – илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида илгари сурилган ва жорий йил БМТнинг 78- сессиясида яна бир бор таъкидлаб ўтилган эди. Зеро, "Самарқанд бирдамлик ташаббуси"нинг мақсади бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, “Самарқанд руҳи“ тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир.

"Самарқанд бирдамлик ташаббуси" – ёшлар нигоҳида" танловида тасвирий санъатнинг рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилаётган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 70 нафардан ортиқ талабалари ўз ижод намуналари билан иштирок этди.
Тақдим этилган ижодий ишлар Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлардан иборат Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, жами 7 нафар ёш ижодкор ғолиб, деб топилди ва тақдирланди.
Танлов якунига кўра, Адибахон Равшанова “Шарқ гавҳари” асари учун биринчи ўринга, Жаҳонгир Тўхтапўлатов гипсдан ишланган “Афросиёб” асари учун иккинчи ўринга, Фаррух Мамадиёров “Самарқанд руҳи” асари учун учинчи ўринга сазовор бўлди.
Шунингдек, Ўлмасбек Ёқубов “Бибихоним” ҳайкали учун, Сабина Нусратиллаева "Самарқанд руҳи" сомон санъатида ишланган асари учун, Дилобар Абдувалиева “Самарқанд мўжизаси” асари учун, Дилрабо Йўлдошева “Самарқанд тарихи” асари учун рағбатлантирувчи соврин билан тақдирланди.
Тадбир доирасида Бадиий академиянинг “Академия” галереясида мазкур кўрик-танлов иштирокчиларининг ижодий ишларидан иборат кўргазма ҳам ташкил этилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА