Самарқандлик илғорлар шарафланди
Самарқандда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Самарқандда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Жорий мавсумда Самарқанд вилояти пиллакорлари 2645 тонна сифатли хомашё тайёрлади, иккинчи ва учинчи мавсумда эса қўшимча равишда ипак қурти етиштирилиб, 250 тоннадан зиёд ҳосил олинди. 103,9 минг гектар майдондаги ғалладан 664,8 минг тонна дон, 75,5 минг гектар майдондан салкам 180 минг тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Шунингдек, 276 минг 153 тонна мева, 1 миллион 120 минг тонна сабзавот, 464 минг тонна узум етиштирилди. 1 миллион 260 тоннадан зиёд гўшт ва 954 минг литр сут маҳсулотлари тайёрланди.
Вилоят бўйича давлатга товар дон сотиш шартномавий режаси 318,4 минг тонна ўрнига 364,3 минг тонна этиб уддаланди. Фермер хўжаликлари ихтиёрида эса 300 минг тоннадан зиёд дон қолди. Муҳими, ғаллачиликдан олинаётган соф фойда 126 миллиард сўмни, рентабеллик даражаси 16,5 фоизни ташкил қилди. Пахтачиликдан эса вилоят фермерлари 103 миллиард сўмга яқин соф фойда олмоқда.

Тадбирга ана шу кўрсаткичларга эришишда фидокорона меҳнат қилган фермерлар, боғбон ва деҳқонлар, пиллакор ва чорвадорлар, томорқачилар, соҳага тегишли корхона-ташкилотлар ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг республика қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригини Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўқиб эшиттирди.
Байрам тадбирида қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллик фидокорона меҳнатлари, халқимиз ризқ-рўзи ва фаровонлигини ошириш борасидаги хизматлари учун бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги аълочиси”, “Илғор фермер”, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонлари ва вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.


– Илмий тажриба станциямизда серҳосил мева ва узум навларини яратиш ҳамда уларни маҳаллий ҳамда четдан келтирилган навларини ўрганиш устида иш олиб боряпмиз – дейди Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси директори ўринбосари, “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Ўрмонбек Мирзоҳидов. – Изланишларимиз натижасида жорий йилда узумнинг “Самарқанд”, “Суғдиёна” ва “Мотурудий” навлари давлат реестрига киритилди. Янги навдаги иккита нок меваси давлат комиссиясига юборилди. Бу навлар ҳосилдорлиги, касалликка чидамлилиги, сифат даражасининг юқорилиги билан олдинги навлардан ажралиб туради.
Байрам тадбири бир пиёла чой устида давом этди.