Саломатлик оиладан бошланади
Бухоро вилояти божхона бошқармасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оилада саломатликни асраш маданиятини шакллантириш ҳамда бу жараёнда аёлнинг ўрни ва масъулиятига бағишланган семинар ташкил этилди.
Бугун инсон саломатлигига эътибор — нафақат тиббий масала, балки жамият тараққиёти, оила фаровонлиги ва келажак авлод камолоти билан чамбарчас боғлиқ муҳим ижтимоий вазифадир. Шу маънода, давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, профилактик тиббий маданиятни юксалтириш ва соғлом оила муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинарда ана шу эзгу мақсадларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, инсон саломатлигини асраш кундалик одат ва ҳаёт тарзига айланиши зарурлиги таъкидланди.
Тадбир давомида соғлом турмуш тарзи бўйича мутахассислар тўғри ва мувозанатли овқатланиш, етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш, сифатли уйқу, мунтазам жисмоний фаолликнинг инсон организми ва руҳий ҳолатига таъсири ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Шунингдек, илмий тадқиқотлар ва мутахассислар тавсиялари асосида кундалик ҳаётда фойдали одатларни шакллантириш, саломатликни мустаҳкамлаш ва турли касалликларнинг олдини олишда профилактиканинг аҳамияти тушунтирилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, соғлом ҳаёт тарзи бир кунда шаклланмайди. У инсоннинг овқатланиш маданияти, ҳаракатчанлиги, дам олиш ва уйқу тартиби, зарарли одатлардан воз кечиши каби омилларнинг изчил уйғунлиги натижасида қарор топади. Хусусан, организмнинг сувга бўлган эҳтиёжи ёш, жисмоний фаоллик, об-ҳаво ва саломатлик ҳолатига қараб ўзгариши сабабли суюқлик истеъмолида индивидуал эҳтиёжни инобатга олиш зарурлиги қайд этилди.

Етарли ва сифатли уйқунинг ҳам инсон ҳаётидаги ўрни беқиёс. Уйқу етишмаслиги диққат ва хотиранинг сусайиши, кайфият ўзгариши, ишчанлик ва кундалик фаолликнинг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Мувозанатли овқатланиш эса организмни зарур озуқа моддалари билан таъминлаш, иммунитетни қўллаб-қувватлаш ва соғлом ҳаёт кечиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Семинарда оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда аёлнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Зеро, она — оиладаги соғлом муҳитни шакллантирувчи асосий тарбия масканининг бевосита иштирокчисидир. Оилада тўғри овқатланиш тартибини йўлга қўйиш, фарзандларни жисмоний фаолликка ундаш, дам олиш ва уйқу режимига риоя қилишга одатлантиришда онанинг шахсий намунаси катта тарбиявий аҳамият касб этади.
Бу жараёнда аёлнинг масъулиятини фақат оила доирасидаги вазифалар билан чеклаш тўғри эмас. Зеро, соғлом она — соғлом фарзанд, соғлом фарзанд эса соғлом авлод демакдир. Шу боис оилада саломатлик маданиятини юксалтириш орқали жамиятда соғлом фикрлайдиган, жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш учун мустаҳкам замин яратилади.

Тадбирда давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш ва соғлом авлод тарбиясига қаратилган ташаббусларнинг ҳаётдаги амалий аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Энг муҳими, соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билим фақат семинар доирасида қолиб кетмаслиги, балки ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида амалий одатга айланиши лозим. Чунки саломатликни асраш касаллик пайдо бўлгандан кейин эмас, балки унинг олдини олишдан бошланади.
Бугун оилада шаклланган ҳар бир соғлом одат эртанги кун учун муҳим сармоядир. Зеро, соғлом оила — соғлом авлод, соғлом авлод эса кучли ва барқарор жамият демакдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири