Салоҳиятнинг янги қирралари
Бундан 20 йилча аввал Ҳусан Араббоев Навоий номидаги хўжаликда бош зоотехник эди. Бугун фермер сифатида нафақат Чиноз тумани, балки бутун Тошкент вилоятига танилди.
Энди навбат цехга
Бундан 20 йилча аввал Ҳусан Араббоев Навоий номидаги хўжаликда бош зоотехник эди. Бугун фермер сифатида нафақат Чиноз тумани, балки бутун Тошкент вилоятига танилди.
У 1995 йилда 500 бошдан зиёд наслли мол олиб, “Юлдуз” фермер хўжалигига асос солди. 25 нафар кишини иш билан таъминлади. Бир-икки йиллик фаолияти давомидаёқ давлатимиз раҳбари раҳнамолигида соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фермерларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлардан оқилона фойдалана олган қишлоқ мулкдори кўп нарсаларга эришиши мумкинлигига ақли етди.
Икки мингинчи йилларга келиб, қорамол парваришида зарур озуқа экинлари етиштириш учун 310 гектар ер олди. Орттирган даромадига яна 500 бош қорамолга мўлжаллаб ферма қурди. Мингдан ортиқ қорамол, шу жумладан, 400 бош сигирни боқувга қўйди. Натижада 20 киши ишли бўлди.
Чорвадор фермасига 2014 йил ўз маблағи, етмаганига банкдан олинган 1 миллиард 200 миллион сўмлик кредит эвазига Германиядан 24 бош сигирни бир вақтда соғишга мўлжалланган замонавий технология олиб келиб ўрнатди. Бу билан меҳнат сарфи камайиб, маҳсулот сифати, иш унуми ошишига эришди.
– Давлатимиз раҳбарининг фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори ва яратилаётган шароитлар самарасида хўжалигимиз тобора ривожланиб бормоқда, – дейди фермер. – Ўтган йили Германиядан 62 бош қора-ола голштейнприза зотли моллар келтирдик. Бу билан чорва сонини 1 минг 183 бошга етказдик. Ушбу наслли сигирлар кунига ўрта ҳисобда 30 литр сут беради. Ҳозир уларнинг бир нечтаси бузоқлади. Ҳаммаси сутга киргач, сут етиштириш қарийб 3 баробарга ошади.
Айни пайтда мазкур хўжаликда боқилаётган сигирлардан кунига 8-8,5 тонна сут соғиб олинмоқда. Улар пойтахтдаги сутни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарга пешма-пеш етказиб берилаётир. Бу ерда қишловга пухта ҳозирлик кўрилгани, етарли миқдорда чорва озуқа захираси яратилгани қиш мавсумининг муваффақиятли ўтишини таъминламоқда.
Ҳусан аканинг сўзларига кўра, хўжаликнинг бу йилги даромади ўтган йилгига нисбатан 20-30 фоизга ошади. Хусусий чорвачилик хўжалиги таркибида кунига 10 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга цех барпо этилади. Бу ишлар ижобий ҳал этилгач, 15 янги иш ўрни очилади.
Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан маълум қилишича, Чинозда ўтган йиллар давомида қорамолчиликни ривожлантириш, мол туёғини кўпайтириш, наслини янада яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган.
Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида тумандаги қорамолчиликка ихтисослашган хўжаликлар зотдор ва сермаҳсул чорва моллари, омихта ем ва ширали озуқа билан таъминланди. Зооветеринария ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш сифати янада яхшиланди. “Дилгиё файз барака”, “Чиноз Шерзод барака”, “Раҳматов Абдукарим” каби чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлар ўн олтитага етди.
Бугунги кунда тумандаги мавжуд фермаларда 3 минг бошдан зиёд қорамол, 1 минг 200 бошга яқин сигир боқилмоқда. 2014 йилда 383 тонна гўшт, 40 минг тонна сут етиштирилди.
“Niagara Spring” маҳсулотлари харидоргир
Тадбиркор Зафар Аҳмедов бир сўмни бир сўмга уриб, уч сўм қилиш пайида бўлди. У шу мақсадда аввал бозордаги савдоси чаққон маҳсулотларни обдон ўрганиб чиқди. Сўнг ақл-идрокини, ишбилармонлик қобилиятини ишга солиб, тинмай елиб-югурди. Унинг бу уринишлари ўз самарасини кўрсатди. 2010 йилда хуштаъм ичимликлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Niagara Spring” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди.
Бугунги кунда “Niagara Spring”да 40 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Улар кунига 40 минг дона пэт капсулалардан тайёрланган 1-1,5 литрли идишларга 15 хилдаги салқин ичимлик қадоқлаб, истеъмолчиларга етказиб бераётир.
...Бозорда муайян маҳсулотга бўлган талабни бирдай ушлаб туришда қуйидаги таомил қўл келади. Яъни, маҳсулотнинг сотув баҳоси ўзгармаган ҳолда, таркиби, ҳажми, истеъмолга яроқлилиги, сифати харидор фойдасига ўзгариши керак. Тадбиркор шу фикрга таянди. Ўз маблағи ва банк кредити ҳисобига ишлаб чиқариш қувватини оширди. Маҳсулот сифатини янада яхшилашга интилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми, меҳнат унумдорлиги ва ишчилар манфаатдорлиги ошди, фойда кўпайди, янги иш ўринлари яратилди.
Тумандаги хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг ўтган йилги битирувчиларидан бири – Зилола Адҳамова мазкур корхонанинг қадоқлаш цехида фаолият бошлади.
– Бу ерда ишлаш менга маъқул бўлди, – дейди З.Адҳамова. – Иш юритувчимиз Отабек Аҳмедовдан замонавий ускуналарни ишлатишни яхши ўрганиб олдим.
2014 йили мазкур корхонада модернизация ишлари амалга оширилди. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати, сифати ва самарадорлиги янада ошди. Ишчи-хизматчиларга қатор қулайликлар яратилди. Сарф-харажатлар сезиларли даражада қисқарди.
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 12 мартдаги “2009-2014 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича энг муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлди.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида сувни фильтрдан ўтказиш ва газлаш қозонлари янгиланди. 350 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига Хитойдан замонавий технологиялар келтирилиб, ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилди. Бунинг самарасида маҳсулот сифати ва қадоқланиш дизайни янада яхшиланди. 2013 йилга нисбатан қарийб 15 фоиз кўп, аниқроғи, бир миллиард 800 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
– Жорий йилда ҳам ишлаб чиқаришда ўринсиз харажатлар бўлишига йўл қўймай бу рақамни икки миллиардга етказишни мақсад қилганмиз. – дейди “Niagara Spring” раҳбари А.Аҳмедов. – Шу кунларда инсон соғлиғи учун зарур микроэлементларга бой бўлган яхна чой, газланмаган сув ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бормоқдамиз.
Ҳабибулла – сулола давомчиси
Ҳунармандлик тадбиркорликнинг дастлабки кўриниши. Манбаларда унинг юзага келиши ва равнақ топиши билан боғлиқ турли қарашлар, афсона ва ривоятлар мавжуд.
Чинозлик туб аҳолининг айтишича, туман марказидаги Афғон маҳалласида истиқомат қилувчи Файзулла Абдуллаев тунукасоз ҳунармандларнинг тўртинчи авлоди экан. Улардан шу хусусда сўраганимизда – “Момоларимиз тунуканинг тақир-туқурига бошқоронғи бўлишган-да!” – деб, гапни мутойибадан бошлади.
– Чиндан ҳам. Эсимни таниганимда, отам ҳовлимиз этагидаги мўъжазгина устахонада тунукага ишлов бериб, турли рўзғорбоп буюмлар ясарди, – дея эслайди ҳунарманд. – Бир куни ёнларига чақириб, шундай деди: “Болам сенга мерос қилиб қолдирадиган ягона бисотим шу – тунукасозлик! Уни давом эттир, авлодларимга ўргат!”. Мана қарийб эллик йилдирки, тунукадан аҳоли эҳтиёжи учун нимаики зарур бўлса, ўғлим Меливой билан барини ясаб, бозордаги дўконда сотамиз. Отамнинг измига юриб кам бўлмадик.
Бугун Файзулла акадан соҳа сирларини ўрганган тунукасозларнинг ҳам камида 50-60 нафар шогирди бор. “Устоз-шогирд” анъаналарида вояга етган бу тунукасозлар астойдил меҳнат қилиб, рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлишига эришмоқда.
Ҳунарманднинг невараси Ҳабибулла тунукасозлар сулоласининг давомчиси. У айни пайтда ёш бўлишига қарамай, мўри, гумбаз, тарнов ва бошқа буюмларни бобосининг кўрсатмаси бўйича тайёрламоқда.
– Бу буюмлар кўп вақт ва қунт талаб қилади. Мисол учун, гумбазлар катта-кичиклигига қараб 15-20 кунда тайёр бўлади. Ўта мустаҳкам ясалган гумбаз бир неча авлодга хизмат қилади, – дейди мазкур сулоланинг олтинчи вакили Ҳабибулла Убайдуллаев. – Бувамнинг “техника ва саноат қанчалар тараққий этмасин, ҳунарманд меҳнатига бўлган эҳтиёж ҳеч қачон камаймайди. Зеро, қўлда яратилган буюмда ижод жозибаси ва дид ҳарорати бўлади”, деган гаплари менга бу ишларни қилишда юзага келадиган қийинчиликларни сабот билан енгишда куч бағишлайди.
Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмасининг Чиноз тумани бўлимидан маълум қилишича, бу ерда ҳунармандликнинг барча йўналишлари жадал ривожланмоқда. Ёшларга касб-ҳунар сирларини пухта ўргатиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси яхши йўлга қўйилган. Бу ишлар натижасида ҳунармандлар 32 нафарга етди. Аҳолининг бандлик даражаси ва фаровонлиги янада юксалмоқда.
Булар биргина Чиноз туманида чорвачилик, тадбиркорлик ва ҳунармандлик йўналишларида инсон, унинг манфаати ва бахт-саодати йўлида амалга оширилаётган ишлардан айрим мисоллар, холос. Ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, ёшларнинг ўқиб-изланиши, уларни юксак парвозлар сари тайёрлашга қаратилаётган алоҳида эътибор бундан-да юқори.