Сафар қил, аммо ватан ичра бўл
Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 2014 йилдан бери WorldSkills Hi-Tech миллий чемпионати ўтказиб келинади.
Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 2014 йилдан бери WorldSkills Hi-Tech миллий чемпионати ўтказиб келинади. Олтинчи бор ўтказилган бу йилги тадбирда қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Ташкилотчилар самолёт учун чиптани Москва орқали бориш ва келишга олишибди. 28 октябрь куни тунда Тошкент аэропортидан ҳавога кўтарилган самолётимиз эрталаб Москвадаги Шереметово аэропортига қўнди. Бу аэропорт Александр Пушкин номида. Шу сабабли Москвага Шереметово орқали келган ҳар бир хорижлик буюк шоир Пушкин ҳақида маълумотга эга бўлади. Икки соат аэропортда бўлиб “Аэрофлот” авиакомпанияси самолётида Екатеринбург сари парвоз қилдик. Шаҳар аэропортига қўнишимиз билан экипаж аъзолари “бизнинг авиакомпания хизматидан фойдаланганингиз учун раҳмат. Ўйлаймизки, парвоз мароқли бўлди” дея миннатдорчилик билдиришди. Шунда ўйланиб қолдим: масалан дейлик, Тошкентдан Урганчга (республикамизнинг исталган шаҳрига) қўнган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётининг экипажи ҳам шу каби гапларни айтишармикан?. Агар айтишса, йўловчилар устидан кулиш бўлмайдими?. Ахир, ҳаво йўлларидан бошқа авиакомпаниямиз йўқ-ку?!. Екатеринбургга эса Россияда мавжуд барча авиакомпаниялар самолёти парвоз қилади.
Тадбирнинг расмий очилиши 28 октябрь ва ёпилиши 1 ноябрь куни “Екатеринбург-Экспо” Халқаро кўргазмалар марказида ўтказилди.

Мен Екатеринбургдаги “Марказий” меҳмонхонага жойлашдим. Меҳмонхона 54 қаватли “Висоцкий” осмонўпар биносининг шундоққина ёнида жойлашган. Мени ҳайратга солгани осмонўпар бинонинг олдида икки қаватли ёғочдан қурилган тарихий уйнинг бузилмай сақланиб қолгани бўлди. Бу каби ёғоч уйларни Екатеринбург шаҳрида кўплаб учратиш мумкин. Умуман олганда тарихга бўлган муносабатни кўриб ҳайратга тушдим. Мени яна ҳайратлантирган нарса - айрим уйларда “бу бинода ..... йилларда фалончи яшаган” ёки “бу бинода .... муассаса фаолият юритган” деган лавҳалар бўлди. Мана шу лавҳаларни ўқиб шаҳар тарихидан бохабар бўлиш мумкин. Чунки бу ҳам бир тарих
Шаҳарда диққатга сазовор жойлардан бири Храм на Крови (тўлиқ номи: Храм-Памятник на Крови́ во и́мя Всех святы́х, в земле́ Росси́йской просия́вших) — Қонли храм бўлиб Россиянинг сўнги подшоси - император Николай II ва унинг оиласи шарафига 2000—2003 йилларда қурилган. Аслида бу ер Ипатьев исмли бир бойнинг уйи бўлган. Николай иккинчи ва унинг оиласи 1918 йил 17 июлда айни шу уйнинг ертўласида ўлдирилган. Сайёҳлар учун диққатга сазовор жой бўлгани боис у ерга ҳам бордим.
Шаҳарнинг эътиборли жиҳати - тролейбус ва трамвайларнинг худди автобуслар сингари йўловчиларга хизмат қилаётганидир. Транспортнинг бу уч воситасида йўловчилар тўла эмас - туриб кетаётган бирорта йўловчини учратмайсиз. Аммо шунга қарамай бекатда туриб қолмас экан, ҳайдовчи ҳам, кондуктор ҳам бекатда “план” деб бақирмас экан.Екатеринбургдаги ўзбеклар билан учрашдим. Ўзбекистоннинг консулхонасида “Урал-Ўзбекистон дўстлик жамияти“ раҳбари Абид Туратов бошчилигида бир гурух ўзбекистонликлар билан бир соатга яқин суҳбатлашдик. У кишининг айтишича, иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбеклар “УралМаш”да ишлаган экан. Ҳатто улар столовой (ошхона)да овқат емай ўзлари учун чойхона қурдиришган экан.
Мен яшаган меҳмонхона ходими Фариддин ака 2010 йил ҳодисаларидан кейин оиласи билан РФга келиб қолган ўшлик ўзбеклардан. Аввалига Владивостокда яшабди, узоқлик қилгани боис Екатеринбург шаҳрига кўчиб келибди.
Мен билан суҳбатлашган ўзбеклар албатта қачонлардир Ўзбекистонга қайтишларини айтишди. Ўзаро суҳбатда “Россия фуқаролигини олаётган ўзбеклар ҳам борми?” дея сўрадим. Суҳбатдошларимнинг айтишларича, Марказий Осиёдаги айрим қардошларимизга нисбатан ўзбеклар Россия фуқаролигини олишга унчалик ҳам қизиқишмас экан. Ўзбекларда ватанга бўлган муҳаббат кучлилигига яна бир карра ишондим. Екатеринбургдаги баланд биноларни миллатдошларимиз қурмоқда. Қурилиш бригадирларидан бири Сайдали Абраев шаҳар айлантирди. У 1986 йилда Қаршида туғилган. 18 ёшида Екатеринбург шаҳрига келган ва фаолиятини оддий ишчи сифатида бошлаган. Ҳозир катта раҳбар. Қўлида ёзда 300га яқин, қишда 70га яқин ишчи ишлайди. Яхши йигит экан. Шинамгина “Шаҳрихон“ ошхонасида тушлик қилдик.
Бир сонияда ҳам Европада, ҳам Осиёда бўлиш мумкинми? Мумкин экан. Бунинг учун Екатеринбург шаҳрига бориш керак. Шаҳардан 20 километр узоқликда Евросиё чегараси бор. Қалин қор ёғаётган бўлишига қарамай ўша ергача бордим. Рус киноларини томоша қилиш асносида рус ўрмонларига қизиқиб қолган эдим. Ният холис бўлса эришар экансиз. Кўриш насиб қилди. Бир мультфильмда таъкидлаганидек, “Рус даласи - бепоён дала, ой нур сочар, қор ёғар қара...“
Екатеринбургда “супермаркет“ қидириб овора бўлиш керак эмас. Барибир топа олмайсиз. Яхшиси “Савдо маркази”ни қидириш керак.
Россия биринчи президенти шарафига Екатеринбургда Президент Б.Н.Ельцин маркази (Ельцин Центр) қурилган. Екатеринбург-Сити яқинидаги мазкур маданият, жамоат ва маърифий марказ 2015 йилда очилган.
Марказда Борис Ельцин ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ҳам бор. Шунингдек, марказда арт-галерея, кино-конференц зал, китоб дўкони, қаҳвахона, архив, кутубхона каби турли муассаса ва ташкилотлар фаолият юритади. Марказда мунтазам равишда маърузалар, кўргазмалар, фестиваллар ва турли тадбирлар ўтказиб турилади. “Ельцин-центр“ 2008 йилда қабул қилинган “Ўз ваколатларини тўхтатган РФ президентларининг тарихий мероси марказлари тўғрисида” қонун асосида ташкил этилган.
Марказда Борис Ельцин ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ҳам бор. Шунингдек, марказда арт-галерея, кино-конференц зал, китоб дўкони, қаҳвахона, архив, кутубхона каби турли муассаса ва ташкилотлар фаолият юритади. Марказда мунтазам равишда маърузалар, кўргазмалар, фестиваллар ва турли тадбирлар ўтказиб турилади. “Ельцин-центр“ 2008 йилда қабул қилинган “Ўз ваколатларини тўхтатган РФ президентларининг тарихий мероси марказлари тўғрисида” қонун асосида ташкил этилган.Бу ерга боришим асносида бир фикр туғилди. Ўзбекистон халқлари тарихи музейи учун Эски шаҳардан - Ислом цивилизацияси маркази ва Хастимом атрофида янги бино қуриб, ҳозирги бинони “Шароф Рашидов маркази” дея атасак бўлмайдими? Яхши ва савоб иш бўларди. Чунки Ўзбекистон тарихи музейи учун ҳозирги бино жуда ҳам тор. Бу бино бир вақтлар бир инсон тарихи учун қурилган эди. Шу сабабли бинони Шароф Рашидов жамғармасига бериш ва “Шароф Рашидов маркази” дея аташ керак.
2 ноябрь- шанба куни эрта тонгда ватан сари йўлга чиқдим. Москвада тўхтаб ўтдим. Россия пойтахтига самолётимиз соат 9да қўнди. Тошкентга самолёт 20.20да. Шу сабабли шаҳар айланишга қарор қилдим.
Қизил майдонни ва унинг атрофидаги биноларни, Большой театр, Давлат Думасини томоша қилдим. Александр боғидаги Номаълум аскар қабрини бориб кўрдим. Умуман Москвадаги тарихий биноларнинг сақланиб қолинишига, уларга бўлган муносабатга ҳавас билан қарадим.