Сабзавот экиб бой бўлиш сирлари
Толибжон Ҳакимжонов 5 гектар ерга сабзи экди. Кўтарилган хирмон чўғи чакки бўлмади. Гектаридан 300 центнерга етказиб ҳосил олинди.
Толибжон Ҳакимжонов 5 гектар ерга сабзи экди. Кўтарилган хирмон чўғи чакки бўлмади. Гектаридан 300 центнерга етказиб ҳосил олинди.
Маҳсулотнинг бир қисми тўғридан тўғри ички бозорларда сотилди. Саралаб олинган юз тонна маҳсулот сақлаш учун олиб қўйилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, деҳқончиликдан олинган соф фойда миқдори 100 миллион сўмдан ошди. Ҳалол меҳнат ортидан топилган даромад оила фаровонлигини таъминлади. Замонавий уй-жой, янги автомашина ана шу меҳнат, изланишлар маҳсули.
Олтиариқ туманидаги Азимобод қишлоғида умргузаронлик қилаётган аҳоли кундалик ҳаёт тарзида сабзи етиштириш, сақлаш ва сотишда ўзига хос тажрибалар тўпланган. Сабзавотчилар таъбирига кўра, маҳсулот ҳажмини ошириш, сифатини яхшилашда уруғчилик катта ўрин тутади. Маҳалладаги 900 дан ортиқ оила ўз томорқасида сара уруғлар етиштиришга эътибор қаратган. Қолаверса, у мўмай даромад манбаи. Бир килограмм сара уруғнинг нархи 100 минг сўм. Энг муҳими, маҳсулотга бўлган талаб юқори. Чунки бу ерда тайёрланган уруғлар унувчанлиги, ҳосилдорлиги, маҳаллий иқлим шароитга мослиги билан ажралиб туради. Маҳаллий шароитда етиштирилган “Зарча”, “Шатун”, ”Цилиндир”, “Стаканчик” сингари сара уруғларга бўлган талаб юқори.
Сабзи қўл меҳнати кам талаб қиладиган сабзавот экинлари ҳисобланади. Маҳсулот сифатини яхшилаш, ҳосилдорлигини оширишда кўчатларнинг хонадорлиги муҳим. Яхши парваришланган сабзи гектаридан 400 центнер ҳосил беради. Қишлоқда буғдойдан бўшаган экин майдонларида сабзи етиштириш тажрибаси тобора оммалашиб бормоқда.
– Мавсумда 100 гектардан ортиқ экин майдонларига сабзи экилади, – дейди “Азимобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёржон Элчиев. – Бу бир мавсумнинг ўзида 350-400 тоннага яқин маҳсулот етиштириш имкониятини бермоқда. Шу кунларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий ҳажми 700 тонна бўлган музлатгичларни ишга тушириш борасида иш олиб борилмоқда. Энг муҳими, сабзи экиб бой бўлаётган оилалар сафи кундан кунга кўпаймоқда. 2019 йилнинг ўзида маҳалламиздаги 51 та оила янги автомашина сотиб олди, ўн беш нафар фуқаролар умра зиёратига боришди.
Мутахассислар фикрича, сабзи нафақат даромад балки, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган фойдали витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Хусусан, жигар, қизил ўнгач ва бошқа ички касалликларни даволашда яхши самара беради. Ундан тайёрланган шарбатлар иммунитетни ошириш хусусиятига эга.
Бу ерда “Бибиомина” фермер хўжалиги раҳбари Акмалжон Салимов ташаббуси билан умумий сиғими 150 тонна бўлган замонавий музлатгич ишга туширилди. Бу маҳсулотларни ҳосилдан – ҳосилгача бўлган даврларда сақлаш ҳамда талаб ва таклифлар асосида ички ва ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятини бермоқда.
Фарғона вилоятида ўтган йилда 1 миллион 340 минг тоннадан зиёд сабзавот етиштирилган бўлса, жорий йилда унинг салмоғи янада ортади. Чунки томорқадан самарали фойдаланиб, сабзавот экишнинг ҳадисини олган минглаб оилалар бу борада катта тажрибага эга.