Сўх обод ва фаровон туманга айланади
Фарғона вилояти Сўх тумани тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Фарғона вилояти Сўх тумани тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, чашма булоғи ҳам шундай. Бу ерда азалдан аҳил-иноқ ва ўзаро тотувликда яшаб келаётган ўзбек, тожик ва қирғиз халқлари шу булоқ сувидан бирдай фойдаланади.
Маълумки, истеъмолга яроқли сувнинг ўртача қаттиқлиги 7-8 даражада бўлиши талаб этилади. Кўп йиллик лаборатория тадқиқотлари натижасида Сўх чашмаси сувининг қаттиқлиги 1,8-2 даражада экани исботланган. Шунинг учун сўхликларнинг бу сувга меҳри бўлакча. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда туман аҳолиси 4 та булоқ, асосан, Чашма қишлоғидаги булоқ сувидан истеъмол қилади.
Собиқ иттифоқ даврида қўшни давлат билан чегара ҳудуддаги мазкур булоқ жойлашуви бўйича ҳужжатларда аниқлик киритилмаган. Шу сабабли мустақилликдан сўнг бу маскан баҳсли ҳудудга айланиб, икки мамлакат фуқаролари ўртасида сув талашиш оқибатида кичик-кичик можаролар бўлиб турган.
Жорий йил 31 май куни «Чашма» участкасида ҳам шундай низо келиб чиқди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов воқеа содир бўлган куни Сўхга етиб келди ва вазият тўлиқ назоратга олинди. Икки давлат делегациялари учрашиб, ҳамкорликда мазкур масала ечимини муҳокама қилишди. Ҳудудда вазият барқарорлашига эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Сўх туманидаги чегара билан боғлиқ масалалар, ижтимоий-иқтисодий муаммолар ана шу можаро сабаб кун тартибига чиқди.
–Чашма қишлоғида нохуш воқеалар содир бўлиб, бир қанча одамлар азият чекди, – дейди Фарғона давлат университети ўқитувчиси, Сўх туманилик Раҳматжон Арслонзода. – Ўн йилга яқин чегаралар ёпиқ бўлиб, кўп қийинчиликларни кўрдик. Президентимиз қўшни давлатлар билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиб, чегараларни очиб берди. Бундан барчамиз жуда миннатдормиз. Албатта, муаммо бор. Лекин унинг ечими биз ўйлагандек осон эмас. Бу давлатлараро муносабатлар билан боғлиқ бўлиб, уни ҳиссиётга берилиб ҳал қилишнинг иложи йўқ. Давлат раҳбарлари музокаралар асосида тинчлик йўли билан бу муаммога ечим топишади. Қирғизлар, ўзбеклар ва тожиклар азалдан ўзаро тинч-тотув, қуда-анда бўлиб яшаб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади.
Дарҳақиқат, қарийб 80 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган тумандаги асосий муаммо – бу чегара билан боғлиқ. 2013 йилда Риштондаги назорат ўтказиш пункти ёпилганидан сўнг сўхликларнинг вилоят марказига бориб келиши янада қийинлашди. Хусусан, Фарғона шаҳрига бориш учун икки давлат ҳудудидаги бир неча чегара ва божхона назоратидан ўтиш жуда азоб. Қўшни давлат ҳудудида ҳаракатланиш чоғидаги текширувларни гапирмаса ҳам бўлади. Сўх аҳолиси ўзлари учун қулай ва яқин бўлган Риштон тумани ҳудуди орқали йўл очиб бериш масаласини кўтаришмоқда. Шу ўринда чегара билан боғлиқ бу масала бўйича ҳукуматимиз бир неча йилдан буён иш олиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган икки давлатнинг чегарадош вилоятлари ҳокимлари кенгаши мажлисларида бу каби масалаларга эътибор қаратилиб, ҳал этиш йўллари муҳокама қилинмоқда. Риштон ҳудуди орқали чегара постини очиш масаласи ҳам зудлик билан ҳал этиладиган жараён эмас. Умуман олганда, чегара билан боғлиқ ишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор.
Бош вазир А.Арипов Сўх тумани аҳолиси билан бўлган учрашувда ҳудуддаги барча муаммолар ҳал этилишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, барча вазирлик ва вилоят бошқармаларининг раҳбарлари туманга келиб, аҳолининг таклиф ва муаммоларини ўрганди. Ҳозирда турли масалаларнинг ечими борасида чора-тадбирлар дастури ва «Йўл харитаси» тайёрланмоқда.
«Чашма»да юз берган воқеадан аввалроқ, яъни жорий йил 20 май куни Сўх тумани ҳокими Ф.Ўсаров вазифасидан озод қилинган эди. 3 июнь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев туман ҳокими этиб тайинланди. Унга ишонч билдирилиб, зиммасига кўплаб вазифалар қўйилди.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда чегара ҳудудда бўлган можаро турлича талқин этилаётгани одамларни чалғитмоқда. Ундан баъзи бир ғаразли мақсаддаги кишилар фойдаланиб қолишга, турли уйдирмаларни тарқатишга ҳаракат қилишаётгани ташвишланарлидир. Сўхликлар Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлигини ҳамиша ҳис қилиб яшамоқда. Ҳаётий тажрибага эга бўлмаган тўрт-беш нафар ёшларнинг хитобларию қийқириғини бутун халқнинг овози деб қабул қилмаслик керак. Ахир вилоят ҳокимлиги томонидан давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида тизимли равишда туман аҳолисини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида амалга оширилган ишларни ким инкор эта олади?! Жорий йилнинг ўзида вилоят ҳокими бир неча бор туманда аҳоли билан мулоқот қилиб, табиий газ, уй-жой билан таъминлаш масалаларида ёрдам кўрсатди.
–Ҳозир ҳукуматимиз саъй-ҳаракати билан туманимиздаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим изланмоқда, – дейди Тул қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Олимжон Дадахонов. – Бандлик, таълим, тиббиёт каби соҳаларда кўп ишлар қилиниши керак. Шуни таъкидламоқчиманки, Чашма қишлоғида рўй берган можарога сиёсий тус бермаслик керак. Баъзи ёшларимизнинг воқеа содир бўлган куни ҳиссиётга берилиб кетганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ёши улуғ инсон сифатида айтаманки, ҳар қандай вазиятда босиқлиқ ва вазминлик катта аҳамиятга эга. Айрим ёшларимиз одоб-ахлоқ доирасидан чиқиб, халқнинг номидан фикр билдиришга ҳаққи йўқ ва бунинг учун улар номидан узр сўрайман.
Бугун Сўх тумани катта ўзгаришлар ва янгиланишлар бўсағасида. Инвестиция дастури бўйича жорий йил давомида қиймати 101 миллиард сӯм бӯлган 73 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 4 минг 500 та иш ўрни яратилади. Тижорат банклари эса тадбиркор ва аҳолига имтиёзли кредитлар тақдим этади. Хусусан, сўхлик тадбиркорнинг цемент заводи қуриш бўйича тайёрланган лойиҳаси қўллаб-қувватланди. 6 та маҳалла фуқаролар йиғинида кичик саноат ҳудудлари ташкил этилади. Туман марказий шифохонаси ва қишлоқ врачлик пунктлари замонавий таъмирланиб, барча жиҳозлар билан таъминланади. Туманда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги инобатга олиниб, сўхлик ёшларнинг олий ӯқув юртларига қабул қилиниши бўйича квота ажратиш масаласи кўриб чиқиляпти. Ичимлик суви ва суғориш масаласини ҳам ҳал этиш тадбирлари белгиланмоқда.
Сўх юртимизнинг энг обод ва фаровон масканига айланиб, бу каби улуғвор ишларнинг натижаси одамлар ҳаётида акс этишига шубҳа йўқ. Бунинг учун тинчлик-тотувлик, ўзаро тушуниш ва эзгу мақсад йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш талаб этилади, холос.