Рухсатномасиз нефть маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган 4 та МЧЖга чора кўрилди
Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати хабар берди. Унга кўра, мазкур ташкилот томонидан Жиззах вилоятида назорат тадбирлари ўтказилган.
Текширувлар жараёнида “R. D.”, “B. 5.”, “P. SH. B.” ҳамда “Z. B.” МЧЖлар нефть маҳсулотларини реализация қилиш учун зарур бўлган рухсатномани олмасдан туриб, истеъмолчиларга маҳсулот сотиб келгани маълум бўлди.
Қайд этилишича, мазкур корхоналар Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя қилмаган.
Мазкур қонун асосида ушбу МЧЖларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида иқтисодий жарима қўлланилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА