Руминия – Ўзбекистон: 31 йиллик дипломатик муносабатлар ва ҳамкорликнинг янги истиқболлари
6 октябрь – Ўзбекистон ва Руминия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган кун.
Аввало таъкидлаш керакки, Руминия Ўзбекистон билан муносабатларни юксак қадрлайди ва икки мамлакат ўртасидаги мулоқот ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратади. Ўзбекистон Руминиянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорларидан бири. Шу нуқтаи назардан, ўлкамиз Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни илгари суриш, минтақавий барқарорлик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлайди.

Сўнгги йилларда савдо-иқтисодий алоқаларимизда ҳам ижобий натижалар кузатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020–2025 йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 377 фоиздан зиёд ўсди. 2025 йил эса ўзаро савдо қиймати нуқтаи назаридан Руминия – Ўзбекистон муносабатлари тарихидаги энг яхши йиллардан бири бўлди.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2025 йил 27 ноябрда Тошкент шаҳрида Руминия ҳукумати ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида автомобиль йўлларида транзит ташувлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги протокол имзоланди. Мазкур битим дастлаб 1996 йил 6 июнда Бухарестда имзоланган эди.
Қайд этиш жоизки, фуқаролик авиацияси йўналишидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғи сифатида 2026 йил 30 сентябрда Тошкентда Руминия Фуқаролик авиацияси бошқармаси ва “Ўзавиация” агентлиги ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумини тилга олиш мумкин.
Икки томонлама муносабатларимизда дипломатик ва парламентлараро мулоқот ҳам муҳим ўрин тутади. Жорий йил март ойида Руминия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида видеоконференция шаклида илк икки томонлама консуллик маслаҳатлашувлари ўтказилди. Сентябрь ойида эса сенатор Елена-Аделина Добранинг Парламентлараро иттифоқ Ёш парламентарийларининг XII глобал конференциясида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташрифи парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам мазмунан бойиб бормоқда. 2025 йил октябрь ойида Руминия таълим вазирининг Ўзбекистонга ташрифи, шунингдек, Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида Руминия делегациясининг иштироки бу борадаги муҳим воқеалардан бўлди.
Жорий йил давомида ҳам қатор маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, март ойида Руминия элчихонаси Тошкентда баҳорнинг бошланиши муносабати билан румин халқ анъаналарини намойиш этувчи тадбир ўтказди. Шу ойда пойтахтда шоир Герасим Лука ижодига бағишланган румин-француз шеърият кечаси ҳам ташкил этилди.
Апрель ойида Тошкент шаҳрида Константин Бринкушининг 150 йиллигига бағишланган “Тыргу-Жиудаги “Қаҳрамонлар йўли” монументал ансамбли” ҳамда “Жорже Энеску Францияда” номли фотокўргазмалар бўлиб ўтди. Май ойида эса “Jazzappella” вокал ансамбли Тошкент халқаро жаз фестивалида Руминияни намойиш этди. Юртимиз вакиллари “Тошкент баҳори” халқаро опера ва балет фестивали ҳамда Марғилондаги “Атлас байрами” халқаро фестивалида ҳам иштирок этди. XXII Халқаро хайрия маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали доирасида эса румин пазандачилик санъати тақдим этилди.
Ушбу йилда машҳур румин телелойиҳаси – “Азия Экспресс – Ипак йўли” кўрсатувининг тўққизинчи мавсуми Ўзбекистонда суратга олинди. Эътиборли жиҳати, ўзбек диёрида тасвирга олинган қисмлар сентябрь ойида Руминияда эфирга узатилиб, томошабинларга Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарлари, бой маданий мероси ва халқининг самимий меҳмондўстлигини намойиш этди.
Маданий алмашинув фақат Ўзбекистонда эмас, Руминияда ҳам давом этди. Апрель ойида Констанца шаҳрида “Ўзбекистон миниатюраси: анъана ва модернизм” кўргазмаси ташкил этилди. Сентябрь ойида эса ўзбекларнинг “Бухорча” вокал-рақс ансамбли Бухарестда миллий рақсларни намойиш қилди.
Мен мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар истиқболига катта ишонч билан қарайман. Айниқса, Ўзбекистон Президенти фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланганим мен учун катта шараф бўлди. Бу мукофотни юксак ишонч белгиси ва келгусидаги самарали ҳамкорликни янада фаол давом эттириш учун муҳим рағбат сифатида қабул қиламан.
Ўзбекистон томонига самарали ҳамкорлик учун самимий миннатдорлигимни билдираман. Ишончим комилки, ўтган 31 йил давомида шаклланган ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларимиз бундан кейин ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз манфаатларига хизмат қилади.
Даниэль Кристиан Чобану,
Руминиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси.
ЎзА