«Роза Хутор»: янги сайёҳлик йўналишлари
Сочи шаҳрида журналистлар учун «Роза Хутор» дам олиш масканига ташкил этилган пресс-турнинг биринчи куни якунланди.
Пресс-тур халқаро муносабатлар ва туризм бўлими бошлиғи Аркадий Марков ҳамроҳлигида дам олиш масканининг пастки базаси бўйлаб сайр қилишдан бошланди. Бўлим бошлиғи Россиядаги энг йирик тоғ-чанғи дам олиш масканининг тарихи, инфратузилмаси ҳамда бу ерда бўлиб ўтган энг муҳим спорт тадбирлари ҳақида сўзлаб берди.
Шу билан бирга А. Марков Олимпия ўйинлари спортчиларининг шахсий медаллари сақланадиган Шон-шараф хиёбони ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Шон-шараф хиёбонида Олимпия ўйинлари чемпионининг ҳар бир медали остида унинг QR-коди жойлаштирилган. У орқали спортчининг таржимаи ҳоли, у шуғулланадиган спорт тури ва эришган ютуқлари ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин.
Шундан сўнг журналистлар асрлар давомида ҳаммом анъаналарини давом эттириб келаётган ESPAS «Поляна» ва «Горный» мажмуалари фаолияти билан танишди.
Шунингдек, пресс-турнинг биринчи куни иштирокчилар «Моя Россия» интерфаолэтнопаркида ҳам бўлди. 11 та мавзуга оид бинода рус халқларининг маданияти, анъаналари ва турмуш тарзини ўзида мужассам этган маърифий оламга ғарқ бўлиш мумкин.
«Моя Россия» кўргазмали маданий-этнографик маркази тарихий павильонлар, музейлар, ўзига хос меъморчилик иншоотлари, истироҳат боғлари, хиёбонлар, ресторан ва меҳмонхоналарни ўз ичига олади.
Алпомиш Машрабхонов, ЎзА.
Россия, Сочи шаҳри