Россия ва Сурия янги битим тузди
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, бир ярим йил давом этган музокарадан сўнг Дамашқ ва Москва Ҳумаймим ҳамда Тартусдаги Россия ҳарбий базаларининг кейинги тақдирини белгиловчи ўзаро англашув меморандумини имзолаган.
Сурия томони ушбу келишув икки мамлакат муносабатида янги босқични бошлаб беришига умид билдирмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, РФнинг мазкур ҳарбий базалари ҳар икки томон манфаатига хизмат қилувчи қўшма ҳарбий ўқув марказига айлантирилади. Шу билан бирга аэродромни ўз ичига олган барча фуқаролик объектлари босқичма-босқич Сурия Араб Республикаси фуқаролик маъмурияти назоратига топширилади.
Баёнотда таъкидланишича, меморандумда назарда тутилган барча ўзгаришлар кўпи билан уч ой муддат ичида якунланиши керак.
Ф.Яхшибоева, ЎзА