Россия – Украина низоси
Қримда босим кучаймоқда. Украина зарбалари логистика занжирига қай даражада таъсир қилди?
Сўнгги уч кун ичида Қрим ярим ороли Россия – Украина низосидаги энг кескин нуқтага айланди. Украина томонидан берилаётган дрон ва узоқ масофага мўлжалланган қуроллар зарбаси туфайли ҳудудда ёнилғи таъминоти, транспорт ҳаракати ва энергетика тизимида жиддий узилиш кузатилди.
21 июнь куни Қрим ярим ороли маъмурияти раҳбари Сергей Аксёнов мамлакатда бензин сотуви тўлиқ тўхтаганини маълум қилди. Яъни, соат 09:00 дан бошлаб барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин эркин савдоси ҳам, талон орқали берилиши ҳам бекор қилинган. Ёнилғи фақат ҳаётий фаолият ва хавфсизликни таъминловчи давлат хизмати учун ажратилмоқда.

Бу қарор тасодифий эмас. Май охиридаёқ Қримда ёнилғи тақчиллиги бошланган. Россия таъминот занжирининг асосий қисми бўлган Р-280 автомобиль йўли орқали келаётган ташувчилар Украина зарбасига учраган. Натижада 6 июндан Севастополь шаҳрида бензин олиш учун QR-код тизими жорий этилди ва бир кишига ҳафтасига 20 литр чегара белгиланди.
Энг жиддий ҳужум 20-21 июнь кечаси кузатилди. Россия манбасига кўра, Қрим осмонида ўнлаб дрон аниқланган. Михаил Развожаев маълум қилишича, фақат Севастополь атрофида 4 та дрон уриб туширилган.

OSINT мониторинг ва маҳаллий манбалар Керч порти ҳудудида нефть сақланадиган терминалда йирик ёнғин чиққанини қайд этди. Хусусан, “ТЭС-Терминал” номли нефть ва суюлтирилган газ сақлаш мажмуаси зарар кўрган. Керч савдо портидаги нефть омбори ҳам ёнган.
Расмий маълумотга кўра, ярим оролга қилинган ҳужум оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 28 одам жароҳатланган. Бу Қримда сўнгги ойларда қайд этилган энг йирик йўқотиш.

Шунингдек, минтақада транспорт логистикаси ҳам издан чиқди. Қрим кўпригида машиналар ҳаракати бир неча бор тўхтатилди. Керч паром қатнови ҳам вақтинча бекор қилинди. Краснодар ўлкаси штаби оғир юк автомобилига муқобил қуруқлик йўналиши ҳисобланган Ростов – Мариуполь – Мелитополь йўналишидан фойдаланишни тавсия қилди.
Энергетика соҳасида ҳам узилиш кузатилди. “Кримэнерго” маълумотига кўра, ярим оролнинг шимоли-ғарбий, марказий ва жанубий соҳил энергетика туманларида ток келиши узилган. Алушта, Армянск ва Красноперекопскда ҳам электр таъминотида муаммо юзага келган. Севастополда тармоқ ортиқча юкланишини камайтириш учун мобил газ турбинали электростанциянинг 2 энергия мажмуаси ишга туширилган.

РФ Мудофаа вазирлиги Украина зарбасини террор ҳужуми сифатида баҳолади. Вазирлик баёнотига кўра, Россия армияси жавоб тариқасида Украина ҳарбий инфратузилмаси, дрон йиғиш цехи ва ёнилғи объектларига аниқ зарбалар берган.
Д.Ҳакимов, ЎзА