Россия Германия консулхонаси ва маданий марказларига нисбатан чора кўрди
Россия Германиянинг мамлакатдаги консулхонаси ва маданият марказини ёпиш қарорига жавобан, Санкт-Петербургдаги ГФР Бош консулхонаси фаолиятини чеклашга қарор қилди
Германия ва Россия ўртасида, гўёки, 4 август куни Лейпциг аэропортига уюштирилиши режалаштирилган ҳужумга уриниш билан бошланган сиёсий инқироз давом этяпти. ГФР Бонндаги РФ консулхонаси ёпилиши, шунингдек Берлиндаги рус маданий ва илмий муассасаси – “Рус уйи” ижарага олинган бинодан чиқарилишини маълум қилди. Шундан сўнг РФ томонидан ҳам жавоб чораси кўрилди. Мамлакат ТИВ Санкт-Петербургдаги Германия Бош консулхонаси иши 18 сентябрдан кечиктирмай тўхтатилишини айтди. Шунингдек, Гёте институти шафелигидаги маданият марказлари ҳам фаолиятини чеклаши, муассасалар ходимлари 13 сентябрдан кечикмай мамлакатни тарк этиши шартлигини билдирган.
Баёнотда жумладан шундай дейилган:
– Икки томонлама муносабатдаги янги кескинлик босқичини яна бир бор Германия ҳукумати қўзғатди. Юзага келадиган оқибат учун бутун масъулият ГФР ҳукумати зиммасида.
Маълумки, 4 август куни Лейпциг аэропортида Украинага ҳарбий юк ташиш учун фойдаланиладиган, “Антонов” русумли юк самолёти яқинидан портловчи модда юкланган учувчисиз учиш қурилмаси топилган. Мослама детонатори носозлиги сабабли ҳужум амалга ошмай қолган. Ушбу воқеа билан боғлиқ огоҳлантириш туфайли ҳаво қатнови вақтинча тўхтатилган. Масалан, DHL логистика компаниясига тегишли юк самолёти қўнишни бекор қилиб, қайта ҳавога кўтарилган. Ўша пайт Лейпциг аэропортидан 6 километр жойда, 400 метр баландликда номаълум жисм DHL самолётига урилган. Самолёт хавфсиз равишда Ганновер аэропортига қўнган.
Полиция самолётга урилган объект учувчисиз учоқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, саботаж эҳтимоли юзасидан тергов бошлаган. Россия эса ушбу ҳужумга уриниш ортидан Москвага қўйилаётган айбловни инкор этган.
Н.Қаюмова, ЎзА