Россия Финляндия билан чегара яқинида ҳарбий база қуради
Финляндия ядро қуролига тақиқни бекор қилиб, хавфсизлик стратегиясида кескин бурилиш ясади. Бу қарор минтақавий кескинликни кучайтириб, Россия томонидан чегара яқинида йирик ҳарбий база қурилишига тертки бериши мумкин.
Парламент кеча ўтказилган овоз бериш жараёнида мамлакат ҳудудига ядро қуролини олиб кириш ва сақлашга қўйилган тақиқни бекор қилиш ташаббусини 125 депутат қўллаб-қувватлаб, 61 нафари қарши фикр билдирди. “Bloomberg” агентлиги ёзишича, янги ҳужжат миллий хавфсизликни таъминлаш зарурати туғилган тақдирда Финляндия ҳудуди орқали ядро қуролини ташиш, етказиб бериш ва вақтинча сақлашга ҳуқуқий асос яратади.
Ҳукумат расмийлари ушбу қарор мамлакатда ядровий оммавий қирғин қуроллари доимий равишда жойлаштирилишини англатмаслигини алоҳида таъкидламоқда. Мудофаа вазири Антти Хяккянен тушунтиришича, қонунчиликка киритилган бу ўзгариш Европа хавфсизлиги тизими ёмонлашаётган бир пайт мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва НАТОнинг ядровий тийиб туриш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун ташланган зарур қадамдир.
Эътиборлиси, ушбу сиёсий қарор асносида РФ Финляндия билан чегарага яқин Новая Вилга қишлоғида йирик ҳарбий база қурилишини бошлаган. Соҳа экспертлари ва финляндиялик кузатувчилар фикрига кўра, жуда улкан мазкур объект сўнгги ўн йилликларда Россия томонидан чегара ҳудуди яқинидаги энг йирик ҳарбий гарнизонлардан бирига айланиши мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА