Роботлаштирилган жарроҳлик тизими олиб келинмоқда
Энди мураккаб урологик операциялар юқори аниқликдаги роботлаштирилган технологиялар ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Тиббиётда тараққиётнинг ҳақиқий мезони — инсон ҳаёти ва саломатлиги учун энг замонавий имкониятларни яратишдир. Бугун бемор учун илгари фақат дунёнинг энг илғор клиникаларида мавжуд бўлган мураккаб тиббий технологияларни ўз юртида олиш имконияти пайдо бўлаётгани ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Бухоро вилоятида тиббиёт соҳасида яна бир тарихий қадам ташланмоқда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига замонавий роботлаштирилган жарроҳлик тизими олиб келинмоқда. Куни кеча мазкур илғор технологияни тиббий амалиётга жорий этиш бўйича меморандум имзоланди. Бу оддий жиҳоз хариди эмас. Бу — вилоят тиббиётида жарроҳлик амалиётининг янги технологик босқичига ўтишини англатади. Айниқса, роботлаштирилган тизимнинг Урология бўлими амалиётига татбиқ этилиши алоҳида аҳамиятга эга. Марказ урологлари Жамшид Жўраев бошчилигида, Хитойда бўлиб, роботик жарроҳлик тизимининг имкониятлари, унинг техник хусусиятлари ва мураккаб операцияларда қўлланиш усулларини ўргандилар. Мутахассисларнинг хорижий тажрибани бевосита ўзлаштириши эса янги технологияни амалиётга самарали жорий этиш учун муҳим қадам бўлди.
Янги технологиянинг энг муҳим жиҳатларидан бири — юқори аниқлик. Инсон қўли бажариши қийин бўлган ўта нозик ва мураккаб ҳаракатларни роботик тизим махсус аниқлик билан амалга оширишга кўмаклашади. Айниқса, анатомик жиҳатдан мураккаб соҳаларда бажариладиган урологик операцияларда бундай технологиянинг имкониятлари катта. Жарроҳ махсус бошқарув тизими орқали роботик инструментларни назорат қилади. Бу эса ҳаракатларни ниҳоятда аниқ ва назоратланган тарзда бажариш имконини беради. Энг муҳими, робот жарроҳни алмаштирмайди. Аксинча, жарроҳнинг билими, тажрибаси ва маҳоратини юқори технологик имкониятлар билан бойитади. Яъни бу ерда технология ва инсон тажрибаси уйғунлашади.

Натижада мураккаб урологик амалиётларни бажариш, жарроҳлик аралашувининг аниқлигини ошириш ва беморларга замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, аҳолига юқори технологик тиббий хизматларни яқинлаштириш ва ҳудудларда замонавий тиббиёт марказларининг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган давлат сиёсати билан ҳамоҳангдир.
Давлат раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда тиббиётда рақамлаштириш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш, юқори технологияли тиббий хизматларни ҳудудларнинг ўзида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухорода роботлаштирилган жарроҳлик тизимининг йўлга қўйилиши ана шу ислоҳотларнинг вилоят миқёсидаги яна бир амалий натижасидир. Бунинг аҳамиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Илгари мураккаб операция учун бемор пойтахтга ёки хорижий клиникаларга мурожаат қилиш зарурати туғилган бўлса, эндиликда шундай юқори технологияли тиббий хизматларни Бухоронинг ўзида ташкил этиш имконияти пайдо бўлмоқда. Бу — бемор учун вақт, оила учун хотиржамлик. Шифокор учун янги имконият. Вилоят тиббиёти учун эса янги босқичдир.
Роботлаштирилган жарроҳлик ҳақида гап кетганда, аввало, унинг техник имкониятлари эмас, инсон ҳаёти учун яратадиган қиймати ҳақида ўйлаш керак. Ҳар бир операция столи ортида бир инсоннинг тақдири, бир оиланинг умиди, яқинларининг дуоси туради. Шу маънода замонавий технологияларнинг тиббиётга кириб келиши — шунчаки инновация эмас, балки инсон ҳаётини асраш йўлидаги имкониятларни кенгайтиришдир. Бухорода бугун қўйилаётган қадамнинг аҳамияти ҳам шунда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази нафақат мавжуд тиббий хизматларни такомиллаштириш, балки келажак тиббиётига мос янги технологияларни ўзлаштириш сари дадил қадам ташламоқда. Бу жараёнда малакали мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг хорижий тажрибаларни ўзлаштириши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки энг замонавий қурилманинг ўзи етарли эмас. Унинг имкониятларини тўлиқ намоён этадиган билимли, тажрибали ва доимо изланишдаги шифокорлар керак. Шу боис Жамшид Жўраев бошчилигидаги мутахассисларнинг Хитойда роботик жарроҳлик технологияларини ўргангани бу жараённинг муҳим қисми сифатида намоён бўлмоқда.
Бухоро азалдан илм-фан ва табобат ривожланган масканлардан бири сифатида танилган. Энди бу анъана замонавий тиббий технологиялар билан уйғунлашмоқда.
Роботлаштирилган жарроҳлик тизимининг жорий этилиши вилоят тиббиёти учун фақат бир янги қурилманинг пайдо бўлиши эмас. Бу — тиббий хизмат сифатига бўлган талабнинг юксалаётгани, шифокорлар салоҳиятига бўлган ишончнинг ортиши ва Бухорода юқори технологияли тиббиёт учун мустаҳкам пойдевор яратилаётганидан далолат.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири