Роберт Кох институти экспертлари Ўзбекистонга келади
Бугунги кунда бутун инсоният бошига мусибат бўлиб келган COVID-19 короновируси баъзан тўлқин ҳолида, баъзан секинлик билан бўлса-да, тарқалаётгани ушбу офатнинг узил-кесил назорат остига олинишига тўсқинлик қилувчи асосий омил бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда бутун инсоният бошига мусибат бўлиб келган COVID-19 короновируси баъзан тўлқин ҳолида, баъзан секинлик билан бўлса-да, тарқалаётгани ушбу офатнинг узил-кесил назорат остига олинишига тўсқинлик қилувчи асосий омил бўлиб қолмоқда.
Дунёнинг иқтисодий жиҳатдан етакчи давлатлари, соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатлари, жаҳон ҳамжамияти биргаликда ушбу пандемияни тезроқ бартараф этиш мақсадида кенг кўламли кураш олиб бормоқда. Жумладан, Германия бу борада юқори натижаларга эришаётгани барчага маълум.
Ўзбекистонннинг Германиядаги элчихонаси ҳам ҳаёт-мамот жангига айланган короновирусга қарши курашда ушбу мамлакат мутасадди ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, илғор тажрибани ўрганиш ва республикада татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Элчихонамиз ходимларининг Германияда жамоат соғлиғини сақлаш бўйича нуфузли ташкилотларидан саналган Роберт Кох институти раҳбарияти билан ўтказган мулоқотида айни шу масалалар муҳокама этилди.
Германия ҳукумати ва давлат соғлиқни сақлаш идоралари учун асосий маслаҳат маркази ҳисобланган Роберт Кох институти юқумли касалликлар профилактикаси ва назоратида, шунингдек, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги узоқ муддатли тенденцияларни таҳлил қилишда муҳим ўрин эгаллайди. Турли хил бактериал ва вирусли касалликлар бўйича миллий маълумот маркази ва лабораториялар ҳам шу институтда жойлашган.
Муассасада фаолият олиб бораётган 1300 дан ортиқ олим ва эксперт минтақавий эпидемияларни текшириш ва шу асосда зарур чоралар белгилашга масъул бўлиб, тегишли ҳукумат идоралари билан биргаликда фавқулодда вазиятлар режасини ишлаб чиқади. Тузилма Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Касалликларнинг олдини олиш ва вазиятни назорат қилиш бўйича Европа маркази (ECDC) билан яқин ҳамкорликда ишлайди, халқаро лойиҳаларни мувофиқлаштириб боради. Роберт Кох институти COVID-19 бошлангандан буён миллий ва халқаро даражада инқирозга қарши чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, короновирус авж олишини таҳлил этиш, баҳолаш, касалликка қарши стратегия ишлаб чиқишга кўмак бериб келмоқда.
Учрашув доирасида дунё давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишига қарши курашда амалга оширилаётган ишлар, эпидемиологик вазиятни назорат қилиш борасида қатъий белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги кўплаб тиббиёт муассасалари, касалхоналар ушбу вирус билан касалланган беморларни даволаш учун қайтадан жиҳозлангани, шунингдек, коронавирусга чалинган беморлар учун тезкорлик билан алоҳида шифохоналар қурилгани таъкидланди. Шу билан бирга коронавирус инфекциясига қарши курашда халқаро тажрибага, малакали мутахассисларга эҳтиёж мавжудлиги сабабли Робет Кох институти етакчи экспертлари ва тажрибали шифокорлардан иборат гуруҳни Ўзбекистонга кўмаклашиш учун юбориш имкониятини кўриб чиқиш сўралди.

Роберт Кох институти халқаро соғлиқни сақлаш маркази раҳбари А.Янсен дунё бўйлаб кенг тарқалган COVID-19 инфекциясига қарши курашда халқаро ҳамжамият янада жипслашиши лозимлиги, вазият шуни тақозо этаётгани, Германия ҳам ёлғиз ўзи пандемияни енга олмаслиги, фақат халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билангина кўзланган натижага эришиш мумкинлигини таъкидлади. Қолаверса, Ўзбекистоннинг короновирусга қарши курашда амалга ошираётган ишлари, белгилаган чора-тадбирлари, халқаро ҳамкорлик борасидаги тажрибасини юқори баҳолади.
Мутахассис Ўзбекистон томонига янги коронавирус инфекцияси профилактикаси, назорати ва даволаш тадбирларини амалга оширишда Германия тажрибасига бўлган қизиқиш учун миннатдорлик билдирди. Институт халқаро миссияси, одатда, Германиянинг йирик шифохонаси Шарите клиникаси билан биргаликда ташкил этилишини айтиб, Ўзбекистонга экспертлар гуруҳи сафарини икки босқичда ташкил этиш мумкинлигини билдирди.
Дастлабки босқичда Роберт Кох институти ҳамда Шарите клиникасининг 7-8 нафардан иборат эксперт ва шифокорларидан иборат гуруҳ жорий йил август ойи ўрталарида Ўзбекистонга ташриф буюради. Улар республика пойтахти ва вилоятларида ташкил этилган коронавирусга қарши кураш штаби, тиббий марказ ва муассасаларга амалий кўмак беради.
“COVID-2019”га қарши самарали курашда, офатни бартараф этишда ҳамжиҳатлик жуда муҳим. Шу боис Роберт Кох институти дунёнинг кўплаб давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Биз ўзбекистонлик ҳамкасблар билан илк бор май ойида телеконференция орқали мулоқот қилиб, маълумот ва тажриба алмашдик, ушбу вирусга қарши ҳамкорликда қандай кураш олиб бориш хусусида фикрлашдик.
Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида “COVID-2019”га қарши самарали кураш олиб бориш имкониятини муҳокама этдик ва тегишли келишувга эришдик. Ушбу келишувга биноан, Робет Кох институти ўз эспертлари ва Шарите клиникаси врачларидан иборат дастлабки гуруҳни Ўзбекистонга юборади ва экспертлар ўзбек ҳамкасбларига кўмаклашади, биргаликда жойларда зарур чоралар ишлаб чиқилади.
Биз ушбу гуруҳ таркибини август ойида қисқа вақт ичида шакллантириб, Ўзбекистонга юборишни ташкил этишга ҳаракат қиламиз. Кейинчалик олинган хулоса ва эҳтиёж асосида узоқроқ муддатга иккинчи гуруҳ сафарини ташкил этамиз. Экспертларимиз ташрифи Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги тегишли институт ва муассасалари билан келгуси ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишончим комил” – деди А.Янсен.
Мавлон МАМИРОВ,
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси учинчи котиби,
Соғлиқни сақлаш ва таълим масалалари бўйича масъул.