Ризқ-рўзимиз исроф бўлмасин
Андижон вилоятида 80 минг 200 гектар майдонда етиштирилган ғаллани нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш, ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, айниқса, ғаллани ёнғиндан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги борасидаги ишларни ўз муддатида ва юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилоятида 80 минг 200 гектар майдонда етиштирилган ғаллани нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш, ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, айниқса, ғаллани ёнғиндан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги борасидаги ишларни ўз муддатида ва юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан жойларда маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, тажрибали деҳқонлар, фермерлар билан ҳамкорликда ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Мавсумга жалб этилган 301 комбайн, 1400 дан зиёд юк машинаси, 57 тиркамали, 40 плугли трактор, 129 ёнилғи ташиш ҳамда 137 техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган транспорт воситалари текширувдан ўтказилиб, уларнинг бир маромда ишлаши таъминланмоқда.
“Ўздонмаҳсулот” давлат акциядорлик компаниясига қарашли 3 донни қайта ишлаш, 14 дон қабул қилиш ва саралаш корхонасида мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, ёнғиннинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича мониторинг олиб борилмоқда. Мониторинг натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, жамоаларда тушунтириш-тарғибот ишлари ўтказилмоқда.
Вилоятда ташкил этилган ғаллани ўриш отрядларига ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилиб, белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
– “Ғалла – 2015” мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, тушунтириш-тарғибот ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида янги панно ва шиорлар тайёрланиб, серқатнов йўл четларига ўрнатилди, – дейди Андижон вилояти ИИБ ЁХБ муҳандиси Эркинжон Жабборов. – Шунингдек, мурожаатномалар, 12 хил кўринишдаги эслатма ва плакатлар тайёрланиб, аҳоли гавжум жойларга, шийпонлар, ғаллани қабул қилиш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига, ғаллани ўриш ва ташишда қатнашадиган транспорт воситаларига илиб қўйилди.
Айни кунда ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, энг муҳими, халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ғаллани ўз вақтида, исроф қилмасдан йиғиштириб олиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.