Рингда ғолиб, сафда фидойи Отабек
Баъзи инсонлар ғалабани спорт майдонида қўлга киритади. Айримлар эса Ватан хизматидаги фидойилиги билан эл ҳурматига сазовор бўлади. Шундай инсонлар борки, улар ҳар икки йўлда ҳам юксак натижага эришади. Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги «Тадбиркор» маҳалласида вояга етган Отабек Холматов ана шундай жасоратли ва матонатли ёшлардан биридир. У бугун нафақат профессионал боксда, балки ички ишлар органларидаги шарафли хизмати билан ҳам юртдошларининг эътирофини қозониб келмоқда.
Отабек Холматовнинг ҳаёт йўли меҳнат, интилиш ва Ватанга садоқатнинг ёрқин намунасидир. Профессионал боксчи, Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими ҳамда «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби Отабек бугун нафақат сирдарёликлар, балки мамлакатимиз ёшлари учун ҳам муносиб ибратга айланган.
Унинг спортга бўлган меҳри болаликдан бошланган. Илк бор бокс залига қадам қўйганидаёқ халқаро ареналарда Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришни ният қилди. Аммо унинг бу нияти осонликча ушалмади. Машаққатли машғулотлар, мағлубиятлардан чиқарилган сабоқлар, тинимсиз меҳнат ва мустаҳкам ирода спортдаги улкан муваффақиятларининг пойдеворига айланди.
Отабек болалигидаги илк мағлубиятидан кейин ҳатто боксни ташлаш ҳақида ҳам ўйлаган. Ана шундай оғир паллада отаси Шуҳрат ака айтган қуйидаги сўзлар унинг бутун ҳаётига етарлича сабоқ бўлди:
— Ҳали олдинда бундан ҳам катта синовлар кутади. Иродангни йўқотмасанг, албатта мақсадингга етасан.
У Тошкент Олимпия захиралари коллежи ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида таҳсил олди. 2014 йил ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2016 йил ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди.
Айниқса, мазкур мусобақанинг чорак финалида Доминикан Республикаси вакилига қарши кечган жанг унинг иродасини яна бир бор намоён этди. Биринчи раундда қийин аҳволга тушганига қарамай, ўзини тезда тиклаб, беллашувни 5:0 ҳисобида ғалаба билан якунлади.

Шундан сўнг Отабек қатор халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ҳаваскор боксда кўп карра мамлакат чемпиони бўлди, қитъа ва жаҳон биринчиликларида муваффақиятли иштирок этиб, ўз иқтидорини намоён қилди.
Профессионал боксга ўтгач эса унинг иқтидори янада ёрқин очилди. У бугунги кунга қадар ўтказган 14 та профессионал жангининг 13 тасида ғалаба қозониб, ўз вазн тоифасида жаҳоннинг кучли боксчилари сафидан муносиб ўрин эгаллади. Мутахассислар уни чемпионлик камари учун асосий даъвогарлардан бири сифатида эътироф этмоқда.
Бироқ Отабек Холматовнинг ҳаёти фақат спорт билан чекланмайди. У Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида касбий тайёргарликдан ўтиб, Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси тизимида хизмат бошлади. Ҳозирда Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядида хизмат қилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва тинчлик-осойишталикни муҳофаза қилишдек масъулиятли вазифаларни сидқидилдан адо этмоқда.

Рингдаги жасорат ва хизматдаги масъулият унинг ҳаётида уйғунлашган. Спортдаги ютуқлари, давлат хизматидаги фидойилиги, бошқача айтганда, ёшлар учун ибрат бўлаётган фаолияти давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 июндаги қарорига мувофиқ, Отабек Холматов «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.

— Президентимизнинг қўлидан давлат мукофотини қабул қилиш мен учун беқиёс шараф. Бу ишонч зиммамга янада катта масъулият юклайди. Энди янада кўпроқ меҳнат қилиб, Ўзбекистон байроғини жаҳон ареналарида янада баланд ҳилпиратишим учун бор кучимни сафарбар қиламан, — дейди Отабек Холматов.
Унинг бугунги ютуқлари ортида устозлари ва оиласининг меҳнати ҳам мужассам. Илк мураббийи Темур Ахбаев Отабекнинг болалигиданоқ интизомли, меҳнаткаш ва мақсадга интилувчан бўлганини алоҳида таъкидлайди. Кикбокс бўйича устози Алишер Абдуллаев эса унинг ҳар бир жангга катта тайёргарлик билан чиқишини эътироф этади.
Онаси Манзура опа фарзандининг ҳар бир ғалабасини йиллар давомидаги меҳнат, сабр ва ишончнинг самараси деб билади. Отабек учун энг катта руҳий таянч эса отаси Шуҳрат аканинг хотирасидир. Уни илк бор спорт залига етаклаган, қийин паллаларда далда берган отасининг насиҳатлари бугун ҳам уни янги марралар сари илҳомлантириб келмоқда.
Бугун Отабек Холматов олдида янада юксак мақсадлар турибди. Жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритиш, Ўзбекистон байроғини энг нуфузли мусобақаларда баланд кўтариш ва ёшлар учун муносиб ибрат бўлиш — унинг энг улуғ мақсадларидир.
Айни пайтда у юртдан олисда — Америка Қўшма Штатларида бўлиб, навбатдаги муҳим профессионал жангга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Отабек Холматовнинг ҳаёт йўли яна бир ҳақиқатни тасдиқлайди: ҳақиқий ғалаба фақат истеъдод билан эмас, балки меҳнат, мустаҳкам ирода, Ватанга муҳаббат ва ўз бурчига садоқат билан қўлга киритилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири