Республика бўйлаб чорва қишловининг назорати давом этмоқда
Шу кунларда чорвачилик соҳасида қишлов мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси томонидан республика штаби ўз ишини давом эттирмоқда.
Ташкил этилган 7 та ҳудудий штаб томонидан жойларда чорва қишловининг бориши доимий назорат қилиниб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, қишнинг қорли, қировли кунларида қишловни яхши ўтказиш мақсадида олис ҳудудлардаги отарларга дағал хашак, кучли озуқалар, ёқилғи, озиқ-овқат махсулотлари ҳамда иссиқ кийимлар етказиб берилмоқда.

Чорва қишловининг назорати учун 600 нафарга яқин ишчи жалб этилган. Шунингдек, 78 дона дағал озуқаларни майдалаш техникалари, қудуқлардан сув чиқариш, дағал ва кучли озуқаларни етказиб бериш учун 60 тонна бензин ва 125 тонна дизел ёқилғи маҳсулоти билан таъминланди.
Озуқабоп маҳсулотлар отарларнинг қишлаш жойларига етказилмоқда. Жумладан, чорва қишлови назорати давомида 57,1 минг тонна дағал хашакнинг 47,2 минг тоннаси отарларнинг қишлаш жойларига етказилди. Шундан 27,5 минг тоннаси майдаланган дағал хашакни ташкил этмоқда.

Қишлов даврида кучли озуқаларга бўлган талабни қондириш мақсадида 4 минг 900 тонна кучли озуқалар, жумладан, 3 минг 172 тонна омухта ем, 566 тонна арпа, 289 тонна озуқабоп бўғдой ва 873 тонна бошқа ем маҳсулотлари қоракўлчилик хўжаликларга етказиб берилди.
Айни пайтда, 1 минг 901 тонна кучли озуқалар, хусусан, 1 минг 244 тонна омухта ем, 153 тонна арпа, 159 тонна озуқабоп бўғдой, 345 тонна бошқа ем озуқалар захираси мавжуд.

Чорва қишлови назорати давомида чўпонлар шароити ҳам унутилмади. Хусусан, “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси томонидан узоқ чўл ҳудудларида ишлаётган чўпонларга 2 минг 582 дона махсус қишки кийимлар бепул тарқатилди.
Шунингдек, уларга 1 минг 468 дона бош кийим, 1 минг 406 жуфт этик, 721 жуфт қўлқоплар етказиб берилди. Чўпонлар оилаларига 55,1 тонна ун ва ун маҳсулотлари, 7,6 тонна ўсимлик ёғи, 3,4 тонна шакар, 8,8 тонна гуруч, 120 тонна картошка, 86 тонна сабзи, 80 тонна пиёз маҳсулотлари тарқатилди.
Уюшма томонидан қишловнинг бориши бўйича қатъий назорат ўрнатилиб, доимий мониторинг олиб борилмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА