RBI учун ҳисобварақлар очилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Raiffeisen Bank International AG” (RBI) учун миллий ва хорижий валютада вакиллик ҳисобварақлари очилди.
Бу қарор мамлакат молия бозорини ривожлантириш, шунингдек, уни халқаро молиявий тизимга янада чуқур интеграция қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур янгилик натижасида қатор ижобий ўзгаришлар кутилмоқда.
Давлат қимматли қоғозлари (ДҚҚ) бозори ривожланади. Хорижий инвесторларнинг давлат қимматли қоғозларининг иккиламчи бозоридаги иштироки кенгаяди, бу эса бозор фаоллигини оширади.
Иккиламчи бозорда савдо ҳажмларининг ортиши натижасида эталон муддатлар бўйича даромадлилик эгри чизиғи бозор тамойиллари асосида шаклланади. Хорижий капитал оқимининг кўпайиши иқтисодиётда узоқ муддатли ресурслар базасини мустаҳкамлайди.
Молиявий инструментлар ликвидлигининг ортиши Марказий банк пул-кредит сиёсати трансмиссиясининг самарадорлигини таъминлайди.
Мазкур қадам Ўзбекистон молия бозори инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва унинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Марказий банк томонидан молия бозорини модернизация қилиш ва халқаро интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА