Расмиятчиликдан самимийликка қўйилаётган қадамлар
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 18-19-20 август кунлари ўтказилган Республика Ёш ижодкорлар семинари ниҳоясига етди. Маҳорат дарслари ўтган устоз ижодкорларнинг айримларидан семинар ва унда иштирок этган ёшлар ижоди ҳақидаги таассуротларини сўрадик.
Шаҳодат Исахонова, ёзувчи:
– Ҳар бир миллатнинг "ўзак" соҳаси, яъни, жамиятнинг маънавий қатламларини (генофонди) асровчи, жон куйдирувчи одамлари бўлади. Бундай жонкуярликни арабларда ўқитувчилар, АҚШда тадбиркорлар, инглизларда молиячилар, Хитойда раҳбарлар, русларда ҳарбийлар, ўзбекларда ижодкорлар ўз зиммаларига олишган.
Адабий жараён доимий ҳаракатдаги жараёндир. Ҳақиқий истеъдод эса фавқулотда юз берадиган ҳодиса. Мазкур жараённи кузатиб бориш ва фавқулотда юз берадиган ана шу ҳодисани кузатиш, эгасини топиш, кашф этиш жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, бугунги глобаллашув жараёнида, яъни, оммавий маданият ва манфаатлашган қарашларга асосланган қадриятлар ўнг планга чиқаётган бир паллада бунинг аҳамияти жуда муҳим. Бу эса Ёзувчилар уюшмасидан янада масъулият билан ишлашни талаб этади.Чунки бугунги Янги Ўзбекистон ва авлодлари олдига қўйилган вазифа ниҳоятда долзарб. Адабиёт аҳли бугунги ана шу глобаллашув жараёнида ўзлари ижод этган бадиий образларини, яъни, инсон концепсиясини яратишга қўшган ҳиссаларини кўрсатиб беришлари керак.
Республика ёш ижодкорлар семенари ана шу долзарб масалаларга қаратилган бўлиб, бу йил унда 85 ёш ижодкорнинг бадиий асарлари тажрибали ва истеъдодли устозлар томонидан таҳлил этилди.
Ҳар бир кенгашда иштирок этган қаламкашнинг ижоди ўзига хослиги билан, айниқса, қадим тамаддун ўчоғи бўлмиш туркий олам манфаатларига уйғунлиги билан устозлар олқишига сазовор бўлди.
Мен наср кенгашида маҳорат дарслари ўтдим. Иштирокчиларнинг ҳар бири ўз асарларида инсон ҳаётига, юртимизда ва дунёда рўй бераётган реал воқеаларга ўз муносабатларини билдирганлар. Ҳар бири ўзига хос олам, уларнинг кечинмалари, туйуғулари орқали давр руҳини, замон тараққиёти моҳиятини очиб бериши ҳаммамизни қувонтирди. Келажакда адабиётимизга, забардаст адибларимиз сафига янги нафасли, янги носирлар кириб келаётганини туйдик.
Одил Икром, шоир ва таржимон:
– Ёшлар семинари, менинг назаримда, кўнгилдагидек ўтди. Тадбирнинг мазмунли ўтишида Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Эргашев билан унинг жамоаси, яъни, Маъмура Зоҳидова, Алишер Боймуродов, Фозил Жабборов, Наргиза Асадова, Мансур Жумаев, Анвар Жабборовларнинг ҳамда Дўрмон ва Паркент ижод уйи аҳлининг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак. Нутқлар, хусусан, Паркент ижод уйида ўтказилган 25 нафар аввалги семинар иштирокчиларининг биринчи китоблари тақдимотида устоз ижодкорлар томонидан билдирилган мулоҳазалар самимий, мазмунли, меъёрида бўлди.
Бадиий таржима йўналиши бўйича бир ҳакам сифатида иштирок этдим ва бу бўлимда ҳавола этилган ёш дўстларимизнинг завқ мақомига кўтарилган меҳнатлари, уларнинг интилишлари, асл нусха шакли ва мазмунига ҳалол муносабатлари менда яхши таассурот қолдирди.
Ёш таржимонлар иштиёқи ва фидойилигидан келиб чиққан ҳолда шундай хулосага келдим: Таржимачилик қамрови кенг. Бу жараёнга айни пайтда Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритаётган таржима бўлими торлик қилади. Алоҳида таржима Маркази ташкил этилса, ёш таржимонлар йўналишига қараб турли мамлакатларга ижодий сафарларга юборилса, уларнинг ҳам ўгирмалари “Биринчи китобим” лойиҳасида нашр этилса – жаҳон адабиётининг сара асарларини ўзбек китобхонларига ёхуд ўзбек адабиётини дунёга танитишдек машаққатли, шунингдек, шарафли, охири бахайр ҳодисалар ўз вақти-соатида юз беришига, семинар иштирокчиларининг ҳам таржималари ўз қадрини топишига ишонаман.
Бир сўз билан айтганда, ёшларнинг ўзидек беғубор мўъжаз адабиёт байрами, расмиятчиликдан самимийликка, шаклдан мазмунга, рукуъдан сужудга қараб қўйилаётган тиғиз қадамлар барчамизга муборак бўлсин!
Хосият Рустамова, шоира:
– Бугун семинар якунига етди. Лекин у билан боғлиқ хотиралар бугунги ёшлар етук шоир-ёзувчига айланганларида ҳам давом этади, тугамайди. Чунки бугунги шукуҳ, табиат манзараси, тоғлар ҳавоси, устозлар эьтибори хотираларда мангу қолади. Ва яна энг ёқимлиси, буларнинг ҳаммаси ёшлар ижодида бот-бот кўзга ташланиб бораверади. Бу хотиралар улар қаерда бўлишларидан қатъий назар, олдиларидан чиқиб келаверади…
Мен бугун куни бўйи, неча йиллар аввал, ўзим иштирок этган семинар ҳақида ўйладим. Ўттиз йилдан ошиқ вақт ўтган бўлишига қарамай, йўқолиб кетмабди. Энг мустаҳкам иморат каби қалбимда қад ростлаб турганини кўриб, очиғи, ҳайратландим. Ўтган йиллар қанчалик шафқатсиз бўлишига қарамай, битта ғиштини ҳам қимирлата олмабди…
Ижодкор учун адабий давралар – ўзингга ўзингни имтиҳон қилиш имконини беради. Шундай давраларда сенинг кимлигинг билиниб қолади. Ўзингни тутишингдан тортиб, истеьдодинггача яққол кўзга ташланади. Айниқса, ўқимаган китобларинг “сотиб” қўяди. Ўқиган китобларинг сени ҳимоя қилади. Кечаги даврада мен айрим ижодкор ёшларнинг сўздан олислигини, сўзга бегоналигини ҳис қилдим. Китобга бўлган муносабатнинг сустлигидан ўкиндим.
Шунга қарамай, мен ёшлардан кўп нарса кутаман ва умид қиламан. Бундай тадбирлардан кейин яна бир бор ўзимизни имтиҳон қилайлик. Шу пайтгача нималар қилдик ва бундан кейин нималар қилишимиз зарурлиги ҳақида ўйлаб кўрайлик.


Ойдин ЙЎЛДОШЕВА, ЎзА