РАСМИЙ АХБОРОТ: менингококк инфекциясига қарши вакцина захиралари мавжуд
Аҳоли орасида менингококк инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан мурожаатлар давом этаётгани сабабли Санэпидқўмита матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:
“Дунё мамлакатларида бўлгани каби, республикамизда ҳам менингококк инфекцияси асосан мавсумий хусусиятга эга бўлиб, касалланиш ҳолатлари кўпроқ куз ва баҳор ойларида, хусусан февраль-март ойларида қайд этилади.
Санэпидқўмита томонидан эпидемиологик вазият устидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, барқарорликни таъминлаш мақсадида кенг кўламли профилактик ва санитария-эпидемиологик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу жумладан, беморлар билан мулоқотда бўлган фуқаролар тўлиқ эмлаш билан қамраб олинган бўлиб, ушбу шахслар орасида касалланиш ҳолатлари қайд этилмади. Вакцинацияга тиббий қарши кўрсатмаси мавжуд бўлган шахслар эса шифокорлар назорати остида кимёвий профилактика тадбирлари билан қамраб олинмоқда.
Шу ўринда, касалликнинг асосий белгиларини яна бир бор қайд этиш мақсадга мувофиқ:
– юқори ҳарорат (иситма);
– кучли бош оғриғи;
— бўйин қотиши (бўйинни эгиш қийин бўлиши);
– кўнгил айниши ёки қусиш;
– ёруғликка сезгирлик;
– уйқучанлик, ҳолсизлик;
– тутқаноқ (баъзан);
– танада тошма пайдо бўлиши (айниқса, бактериал турида).
Болалар ва чақалоқлардаги белгилари:
– тинмай йиғлаш;
– овқат емаслик;
— жуда уйқучанлик ёки қўзғалувчанлик;
— танада қаттиқлик.
Фуқароларимизда ушбу белгиларнинг бирортаси ёки бир нечтаси кузатилса албатта, оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиника, юқумли касалликлар шифохоналарига мурожаат қилишларини сўраймиз”, дейилади, хабарда.
Шунингдек, касалликнинг олдини олиш учун гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;
– касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш;
– жамоат жойларида эҳтиёт чораларини кўриш;
– “Ҳаж" ва "Умра" сафарларига чиқишдан олдин эмланиш, сафардан қайтгандан сўнг оммавий тадбирларда иштирокни вақтинча чеклаш;
– ихтиёрий эмланишдан ўтиш;
– бемор билан яқин мулоқотда бўлган шахслар шифокор назоратида бўлиши ҳамда тиббий кўрсатма асосида профилактик чоралар билан қамраб олиниши зарурлиги таъкидланган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида вакцинация марказлари мавжуд бўлиб, уларда аҳолини менингококк инфекциясига қарши эмлаш учун етарли вакцина захиралари ҳамда шароитлар яратилган.
Фуқаролардан ортиқча хавотирга тушмасликлари, эпидемиологик вазият барқарор эканлигини инобатга олган ҳолда, фақат ишончли ва расмий манбалар орқали маълумот олишлари сўралган.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА