Рақобатни ҳимоя қилишда халқаро тажриба нега муҳим?
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг монополияга қарши курашиш органлари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон номидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Давлатов иштирок этди.
Йиғилишда жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши рақобатни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб этаётгани таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан ШҲТ давлатлари ўртасида тажриба, илғор амалиёт ва рақобат сиёсатини амалга ошириш бўйича ахборот алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизда рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари ҳақида маълумот берди.

Жумладан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 55 фоиздан 30 фоизгача қисқаргани қайд этилди. Шунингдек, рақобатга зид 2,3 мингта ҳаракат бартараф қилиниб, қарийб 912 миллиард сўм маблағ истеъмолчилар ва тадбиркорлар манфаатига қайтарилган.
Биржа савдоларида эса 344 та манипуляция ҳолати аниқланиб, 105 миллиард сўм маблағ қайтарилган. Рақобат муҳитини рақамли назорат қилиш мақсадида «Fair Tech» тизими жорий этилгани ҳам халқаро иштирокчиларга тақдим этилди.

Умуман, Душанбе учрашуви ШҲТ давлатлари ўртасида рақобатни ҳимоя қилиш соҳасидаги тажриба ва ахборот алмашинувини янада кучайтиришга қаратилди.
Йиғилиш якунида навбатдаги учрашувнинг санаси ва ўтказилиш жойи ҳамда бошқа ташкилий масалалар бўйича келишувларга эришилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА