Рақамли хавфларга қарши курашда янги ҳамкорлик нима беради?
Рақамли ҳаётимиз тобора кенгайиб бораётган бир пайтда киберхавфсизлик масаласи ҳам долзарблашмоқда.
Давлат тизими ва муҳим инфратузилмаларни рақамли таҳдидлардан қандай ҳимоя қилиш мумкин? Бу борада халқаро тажриба ва замонавий технологиялардан қандай фойдаланилади?
Айнан шу масалалар Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Group-IB” компанияси ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов Group-IB компаниясининг Яқин Шарқ, Африка, Туркия ва Марказий Осиё бўйича бош менежери Константин Чигирев билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистонда рақамли технологияларни янада ривожлантириш, замонавий технология ва халқаро тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, рақамли хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, рақамли хавфлар ҳақида маълумот ва тажриба алмашиш, рақамли криминалистика ҳамда замонавий таҳлил усулларини ривожлантириш, давлат ва муҳим инфратузилма объектларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Ҳамкорлик фақат технология билан чекланмаслиги таъкидланди. АТ соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш, уларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида қўшма таълим дастурлари, тренинглар ва амалиётларни ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Рақамли технологиялар вазирлиги ва Group-IB ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат рақамли хавфларга қарши курашиш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш, замонавий таҳлил усулларини жорий этиш ва соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун янги имкониятларни белгилаб беради.
Нигора Раҳмонова, ЎзА