Рақамли қишлоқ хўжалиги: тажриба, инновация ва ҳамкорлик
Пойтахтимизда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖ ташкил этилганининг 5 йиллиги муносабати билан «Қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштириш истиқболлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда аграр тармоқни рақамлаштириш борасидаги ютуқлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда рақамли технологияларни қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш, сунъий интеллект, геоахборот тизимлари, космик мониторинг, дронлар ва электрон платформалардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар фикрича, замонавий рақамли ечимлар фермерларга аниқ маълумотлар асосида қарор қабул қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Конференция давомида «Агросаноатни рақамлаштириш маркази»нинг сўнгги беш йилда амалга оширган ишлари тақдим этилди. Қайд этилганидек, жорий этилган ахборот тизимлари ва электрон хизматлар соҳада шаффофликни таъминлаш, маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
[gallery-29803]
Тадбирда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг соҳавий рақамлаштириш марказлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат рақамли технологиялар соҳасида тажриба алмашиш ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, конференция доирасида бир қатор ташкилотлар томонидан инновацион лойиҳалар ва замонавий рақамли маҳсулотлар тақдимоти ўтказилди. Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган ходимлар ва ҳамкор ташкилотлар тақдирланди.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, рақамлаштириш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Халқаро конференция эса бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва аграр соҳани инновацион ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
Ўктам Ҳайитов (сурат)
ЎзА