«Рақамли маҳалла», «Ақлли маҳалла» ва «Mahalla AI» платформаларининг тақдимоти
Бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларини рақамлаштириш, сунъий интеллектнинг имкониятларидан самарали ва оқилона фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасида «Рақамли маҳалла», «Ақлли маҳалла» ва «Mahalla AI» рақамли платформаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида маҳалла тизимида аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш, муаммоларни эрта аниқлаш ҳамда замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга оид ечимлар намойиш этилди.
«Рақамли маҳалла» платформаси орқали хонадонлар ва фуқароларнинг ижтимоий ҳолатини таҳлил қилиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, ишсиз фуқаролар билан манзилли ишлаш, мурожаатлар ижросини назорат қилиш, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш имкониятлари кенгаймоқда.

Маълумотларнинг ягона рақамли муҳитда жамланиши ортиқча қоғозбозликни қисқартириш, ҳисобот жараёнларини автоматлаштириш, вақтни тежаш ва масъулларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, аҳоли муаммоларини кеч эмас, эрта аниқлаб, аниқ маълумот ва таҳлиллар асосида манзилли ечим белгилаш имкони яратилмоқда.
«Mahalla AI» платформаси мамлакатдаги 8 992 та маҳалла ҳақидаги маълумотларни ягона рақамли муҳитда бирлаштиради. Фойдаланувчи саволни оддий ўзбек тилида киритиб, зарур маълумотни тезкор олиши мумкин. Айни пайтда платформада 7 786 нафар маҳалла раиси рўйхатдан ўтган бўлиб, фойдаланувчилар учун 12 та турли роль белгиланган.

Платформа маълумот излашдан ташқари ҳужжатларни таҳлил қилиш ва қисқача мазмунини шакллантириш, имло ва услубий хатоларни аниқлаш, зиддиятли маълумотларни кўрсатиш ҳамда расмий жавоб хати лойиҳасини тайёрлаш имконини беради. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида сўровномалар шакллантирилиб, белгиланган ҳудуд ва масъулларга юборилади ҳамда натижалар асосида умумлаштирилган таҳлилий хулосалар тайёрланади.

Тизимда маҳаллаларнинг интерактив харитаси ҳам мавжуд бўлиб, унда маҳалла манзили, алоқа маълумотлари ва «маҳалла еттилиги» аъзолари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Тақдимот доирасида ҳудудларда рақамли технологияларни жорий этиш тажрибаси ҳам намойиш қилинди. Хусусан, «Урганч — ақлли шаҳар» тизими доирасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, шаҳар бошқаруви ва аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Бугунги кунда мазкур тизимга 300 дан ортиқ сервис интеграция қилинган. «Ақлли маҳалла», сунъий интеллект маркази, «ақлли устун» ва бошқа рақамли ечимлар орқали аҳолига хизмат кўрсатиш, мурожаатларни таҳлил қилиш, ижрони назорат қилиш ҳамда ҳудудларни мониторинг қилиш имкониятлари яратилган.
«Ақлли бошқарув сервис компанияси» доирасида электр энергияси, газ ва сув босими, ертўла намлиги, ҳаво сифати ва товуш каби кўрсаткичларни кузатиб борувчи замонавий сенсорлардан фойдаланилмоқда. Тақдимот маълумотларига кўра, мазкур ечимлар орқали энергия тежамкорлигини 25 фоизгача таъминлаш, эҳтимолий авария ҳолатларини эса 70 фоизгача олдиндан аниқлаш имконияти мавжуд.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида аҳоли мурожаатларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш, аниқланган муаммоларни масъулларга йўналтириш ва ижросини назоратга олиш, овозли бошқарув ҳамда ҳудудларнинг 3D хариталаридан фойдаланиш имкониятлари тақдим этилди.

Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев маҳалла тизимида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш бугунги куннинг муҳим талаби эканини таъкидлади.
Эътироф этилганидек, бундай замонавий ечимлар маҳалла ходимларининг ишини енгиллаштириш билан бирга, аҳоли мурожаатлари ва ҳудудлардаги муаммоларни тезкор аниқлаш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда улар асосида аниқ ва манзилли қарорлар қабул қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Тизимларда ахборот хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Фойдаланувчилар маълумотлардан ўз ваколати доирасида фойдаланади, сунъий интеллект эса маълумотлар базасидаги ахборотни ўзгартириш ёки ўчириш ҳуқуқига эга эмас.
Тақдимот якунида мазкур платформаларни янада такомиллаштириш, «маҳалла еттилиги» аъзоларини рақамли тизимларга кенг жалб этиш, мобил имкониятларни ривожлантириш, интерактив хариталарни қўшимча маълумотлар билан бойитиш ҳамда аҳоли билан ишлаш жараёнларида сунъий интеллект имкониятларини кенгайтириш бўйича режалар белгилаб олинди.
Мазкур рақамли ечимлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган «Инсон қадри учун» тамойили асосида давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш, маҳаллаларда муаммоларни эрта аниқлаш ва манзилли ҳал этиш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА