Рақамли криминалистика, сунъий интеллект ва қонунчилик
Технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир даврда ҳуқуқ тизими ҳам кескин ўзгаришларга дуч келмоқда. Кибержиноятлар, сунъий интеллект томонидан яратилган контентлар, чегараларни билмайдиган рақамли ҳужумлар — буларнинг барчаси замонавий ҳуқуқшуносдан мутлақо янгича билим ва ёндашувни талаб этмоқда. Айнан мана шу кесишиш нуқтасида фаолият юритаётган ёш ўзбек тадқиқотчиси Нуриддин Худойбердиев билан суҳбатлашдик.
– Нуриддин, Тошкент давлат юридик университетини аъло баҳоларда тамомлаб, ҳозирда QS World University Rankings рейтингига кўра дунёнинг энг нуфузли 100 та университети қаторига кирувчи Пенсильвания штати университети ҳуқуқ мактабида (Penn State Law) магистратура босқичида таҳсил олаётган экансиз. Киберҳуқуқ ва интеллектуал мулк йўналишини танлаганингизга нима сабаб бўлди?
— Бу йўналишга қизиқишим талабалик йилларимнинг илк босқичларидаёқ шакллана бошлаган. Ўзбекистонда кибержиноятлар сони йилдан-йилга ошиб бораётган, бироқ уларни исботлаш ва судга олиб чиқишда классик криминалистик усуллар етарли бўлмаётган эди. Айнан шу бўшлиқ мени рақамли криминалистика соҳасига жалб қилди.
Бакалавриат битирув ишимни "Рақамли криминалистика ва унинг кибержиноятларни фош этишдаги роли" мавзусида ёздим. Магистратурада эса бу тадқиқотни халқаро миқёсга — киберхавфсизлик ва юрисдикция муаммоларига кенгайтирдим. Бу икки иш менга бир нарсани аниқ кўрсатди: ҳуқуқ ва технологиянинг туташган нуқтаси ҳам ниҳоятда мураккаб, ҳам чексиз қизиқарли.
— Penn State Lawдаги таълим тажрибаси қандай? Америка ва Ўзбекистон ҳуқуқ таълимининг асосий фарқи нимада?
— Penn State Law — АҚШдаги етакчи ҳуқуқ мактабларидан бири. Бу ердаги методология мени дастлабки кунларданоқ ўзига тортди.
Асосий фарқ ёндашувда. Ўзбекистонда таълим кўпроқ норматив-доктринал моделга — қонун матнини ўрганишга асосланган. АҚШда эса пойдевор case method, яъни суд амалиёти таҳлилидир. Ҳар бир мавзу реал суд қарорлари орқали ўрганилади: қарор қандай асосланган, суд қайси далилга таянган, қайси конституциявий тамойилдан келиб чиққан.
Бу ёндашув ҳуқуқшуносда танқидий фикрлаш ва чуқур таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиради. Киберҳуқуқ ва интеллектуал мулк каби тез ўзгарувчан соҳаларда у айниқса, самарали — чунки қонунчилик технологик ривожланиш билан доим ҳам ҳамнафас бўлавермайди. Бундай ҳолларда судлар бўшлиқни ўз талқинлари билан тўлдиради ва кейинги қонунчилик ислоҳотларига йўл кўрсатади.
— Интеллектуал мулк ҳуқуқида бугунги кунда энг долзарб муаммо нима?
— Шубҳасиз, сунъий интеллект томонидан яратилган ижодий маҳсулотларнинг ҳуқуқий мақоми масаласи. Муаллифлик ҳуқуқи анъанавий равишда "инсоний ижод" тушунчасига таянади. Аммо бугун ChatGPT, Midjourney, Suno каби платформалар мустақил равишда матн, тасвир ва мусиқа яратмоқда. Савол туғилади: бу асарларнинг муаллифи ким — буюртма берган фойдаланувчими, тизимни яратган дастурчи компаниями, ёки моделни ўқитишда фойдаланилган оригинал асарлар муаллифларими?
АҚШда бу масала бўйича аллақачон муҳим суд прецедентлари мавжуд. Thaler v. Perlmutter ишида суд сунъий интеллект томонидан мустақил яратилган асарлар муаллифлик ҳуқуқи ҳимоясидан маҳрум эканини белгилаб берди. Ўзбекистонда эса бу масала ҳали қонунчилик даражасида тартибга солинмаган.
Менинг фикримча, биз бу жараённи пассив кузатувчи сифатида эмас, балки фаол иштирокчи сифатида қабул қилишимиз керак — миллий доктринамизни шакллантириб, халқаро тенденцияларга мослаштириб бориш зарур.
Магистрлик тадқиқотингиз мавзуси — киберхавфсизлик ва юрисдикция. Ўзбекистон қонунчилиги чегаралараро кибержиноятлар масаласида қанчалик тайёр?
— Бу замонавий ҳуқуқнинг энг мураккаб муаммоларидан бири. Тасаввур қилинг: жиноятчи Россияда ўтириб, Германияда жойлашган сервер орқали Ўзбекистондаги банк тизимига ҳужум уюштирмоқда ва маблағни Сингапурдаги криптобиржага ўтказмоқда. Бундай ҳолатда қайси давлатнинг суди масъул? Қайси қонун қўлланилади? Далиллар қандай тўпланади?
Ўзбекистон Жиноят кодексида кибержиноятлар учун моддалар мавжуд, бироқ экстратерриториал қўллаш механизмлари ҳали етарли даражада ишлаб чиқилмаган. Бу масалада халқаро асос ҳисобланган Будапешт конвенциясига Ўзбекистон ҳали қўшилмаган. Менинг тадқиқотим айнан шу йўналишда — қайси халқаро механизмларга қўшилишимиз ва қайси миллий нормаларни ислоҳ қилишимиз лозимлигини аниқлашга қаратилган.
— Сунъий интеллект ва интеллектуал мулк масаласида Ўзбекистон қандай қадамлар ташлаши керак?
— Аввало, шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида сўнгги йилларда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз берди. Миллий стратегия қабул қилинди, инвестициялар жалб этилмоқда, технологик инфратузилма ривожланмоқда. Бироқ кузатишимча, ҳуқуқий ўлчам бу жараёндан бироз орқада қолмоқда. Технологик амбициялар билан қонунчилик модернизациясини уйғунлаштириш — энг муҳим стратегик вазифалардан бири.
Амалий нуқтаи назардан бир неча йўналишни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Биринчидан, инсон ва сунъий интеллект ҳамкорлигида яратилган асарлар учун "ёрдамчи муаллифлик" (assistive authorship) институтини жорий этиш — бу ижодкорларга ҳам, технологияга ҳам адолатли ёндашувни таъминлайди.
Иккинчидан, сунъий интеллект моделларини ўқитишда ишлатиладиган маълумотлар учун лицензиялаш тартибини ишлаб чиқиш зарур — бугунги кунда кўплаб моделлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлар асосида ўқитилмоқда.
Учинчидан, deepfake ва синтетик контент билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун аниқ жавобгарлик механизмлари белгиланиши лозим — бу нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий аҳамиятга эга масала.
Ва ниҳоят, интеллектуал мулк бўйича суд жараёнларида технологик экспертизанинг сифатини ошириш — адолатли қарорлар чиқаришнинг зарурий шарти.
— Ўзбекистонда киберҳуқуқ соҳаси қандай ривожланмоқда? Ёш ҳуқуқшуносларга нима маслаҳат берасиз?
— Сўнгги ўн йил бу соҳа учун ҳақиқий уйғониш даври бўлди. Ўн йил аввал на яхлит қонунчилик базаси, на ихтисослашган давлат тузилмалари мавжуд эди. Бугун аҳвол тубдан бошқача.
2020 йилда қабул қилинган "Рақамли Ўзбекистон — 2030" стратегияси бурилиш нуқтаси бўлди. Унинг ортидан Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этилди, 2022 йилда "Киберхавфсизлик тўғрисида"ги қонун ва "Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. 2024 йил июнда Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти очилди, октябрда эса 2030 йилгача мўлжалланган Сунъий интеллект ривожланиши стратегияси тасдиқланди. 2025 йил январида эса Cyber University давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарор (бу соҳада миллий кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарувчи қадам) имзоланди.
Интеллектуал мулк йўналишида ҳам салмоқли ўзгаришлар бўлди. 2019 йилда Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилиб, давлат бошқаруви қайта қурилди. Қонунчиликка халқаро стандартларга мос ўнлаб янгиликлар киритилди. 2024 йилнинг сентябрида қабул қилинган қонун эса ҳимоя тизимини TRIPS битими талабларига янада мослаштирди.
Ўн йил ичида улкан масофа босиб ўтилди. Бироқ олдимизда ҳали катта йўл бор. Энг катта эҳтиёж — малакали кадрлар. Айнан шу сабабли Cyber University каби ихтисослашган олий таълим муассасасининг ташкил этилиши ниҳоятда ўз вақтида бўлди.
Киберҳуқуқ бир неча соҳанинг синтезидан иборат: ҳуқуқ — унинг асоси, технология — ҳаракатлантирувчи кучи, иқтисодиёт эса амалий мазмуни. Буларни биргаликда тушунган мутахассисгина ҳақиқий натижага эриша олади.
Моҳигул Қосимова суҳбатлашди,
ЎзА