Рақамли дунё энергия тизимини қандай ўзгартирмоқда?
Жаҳон дата-марказлари харитаси нафақат рақамли ривожланиш даражасини, балки ишончли электр энергияси билан таъминланганлик имкониятини ҳам акс эттиради. “Data Center Map” хизмати маълумотлари асосида тайёрланган “Visual Capitalist” рейтинги ушбу масала долзарб эканини яна бир бор кўрсатмоқда.
Платформа маълумотларига кўра, дунёдаги 178 мамлакатда жами 11 минг 363 та дата-марказ рўйхатга олинган. Бундай объектлар энг кўп АҚШда жойлашган (4240 та). Кейинги ўринларда Буюк Британия (525 та) ва Германия (517 та) туради. Ўзбекистонда эса 6 та дата-марказ мавжуд. Булар эса рақамли иқтисодиётнинг жисмоний инфратузилмаси қанчалик жадал суръатларда кенгаяётганини кўрсатувчи муҳим кўрсаткич сифатида баҳоланади.
Сўнгги йилларда дата-марказлар фақат серверлар жойлаштириладиган ва маълумотлар сақланадиган техник объект бўлиб қолмади. Улар алоқа, транспорт ва энергетика каби замонавий иқтисодиётнинг асосий инфратузилма элементларидан бирига айланди. Булутли хизматлар, платформавий ечимлар ва сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланар экан, нафақат ҳисоблаш қувватлари, балки улар қандай энергетик манбаларга таяниб ишлаши масаласи ҳам тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Халқаро энергетика агентлигининг “Энергия ва сунъий интеллект” ҳисоботида қайд этилишича, 2030 йилга бориб дата-марказларнинг жаҳон бўйича электр энергияси истеъмоли икки баробарга ошиб, қарийб 945 ТВт·соатга етади. Бу дунёдаги умумий электр энергияси истеъмолининг қарийб 3 фоизини ташкил этади. 2024-2030 йиллар оралиғида эса дата-марказларда электр энергияси истеъмоли йилига ўртача 15 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич бошқа соҳалардаги ўсиш суръатларидан тўрт баробар юқори. Ҳисоботда бу тенденция, аввало, сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожи билан боғлиқ экани таъкидланган. Зеро, сунъий интеллект моделларини ўқитиш ва амалиётга жорий этиш асосан дата-марказларда амалга оширилади.
Шу нуқтаи назардан, дата-марказларни барқарор ва прогноз қилинадиган энергия таъминоти билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Халқаро энергетика агентлигининг маълум қилишича, электр энергиясига бўлган талаб ортиб бораётгани сабаб мамлакатлар турли ечимлардан фойдаланишга мажбур бўлади. Жумладан, газ асосида электр энергияси ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия сақлаш тизимлари, шунингдек, янги ядро ва геотермал технологиялар шулар жумласидан.
Бу, албатта, дата-марказлар муайян энергия манбаларига бевосита боғланади, дегани эмас. Бироқ маълумотлар ҳажми, булутли хизматлар ва сунъий интеллект асосидаги ечимлар кўпайгани сари энергия тизими барқарорлигига қўйиладиган талаб ҳам кескин ортиб боради. Шу жиҳатдан, атом энергетикаси мавзуси рақамли ривожланишнинг кейинги босқичи қайси энергетик асосларга таяниши ҳақидаги кенг муҳокаманинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Ўзбекистон учун ҳам бу масала амалий аҳамиятга эга. Республика атом энергетикаси келгуси энергетика балансида муҳим таркибий йўналиш сифатида кўрилмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Росатом” тажрибаси диққатга сазовор. Компания рақамли инфратузилмани энергетика соҳасидаги салоҳияти билан уйғунлаштирган ҳолда “Atomdata” дата-марказлари тармоғини ривожлантирмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу тармоқ Тверь вилояти, Санкт-Петербург, Москва ва Татаристондаги майдонларни қамраб олади. Уларнинг умумий қуввати 93 МВтдан ортиқ бўлиб, сервер стойкалари учун 6,5 мингдан зиёд жой мавжуд. Бу мисол йирик компаниялар дата-марказларни алоҳида IT объекти сифатида эмас, балки энергетика ва саноат инфратузилмасининг ажралмас қисми сифатида кўраётганини намоён этади.
Хулоса қилиб айтганда, жаҳон дата-марказлари ҳақидаги янги маълумотлар фақат рақамлаштириш даражасини эмас, балки рақамли иқтисодиётни барқарор қилиш учун зарур инфратузилма имкониятларини ҳам кўрсатмоқда. Сунъий интеллект ривожланаётган даврда эса устунлик фақат кучли ҳисоблаш қувватига эга давлатларда эмас, балки ушбу тизимларни узлуксиз ва ишончли электр энергияси билан таъминлай оладиган мамлакатларда ҳам бўлади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА