Рақамли Бухоро – туризм тараққиётининг янги босқичи
Бухоро вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Айниқса, қадимий шаҳарнинг бой тарихий меросини замонавий рақамли ечимлар билан уйғунлаштириш орқали туристлар учун янада қулай муҳит яратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодиётнинг шаффофлигини таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бирига айланди.
Шу мақсадда Бухорода меҳмонхона ҳамда умумий овқатланиш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашув туризм соҳасида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва туристлар оқимини янада ошириш масалаларига бағишланди.

Тадбир давомида Бухоро шаҳрининг тарихий Эски шаҳар ҳудудини рақамлаштириш орқали яратилаётган замонавий электрон платформа имкониятлари кенг тақдим этилди. Қайд этилганидек, мазкур рақамли тизим сайёҳларга меҳмонхона, ресторан, миллий ҳунармандчилик дўконлари, маданий объектлар ва бошқа хизматлар ҳақида тезкор ҳамда ишончли маълумот олиш имконини беради. Бу эса тадбиркорлар учун хизматлар ҳажмини ошириш, мижозлар доирасини кенгайтириш ва бозордаги рақобатбардошликни кучайтиришга хизмат қилади.
Мулоқот чоғида рақамли платформанинг яна бир муҳим жиҳати — яширин иқтисодиётни қисқартириш, хизматлар ҳисобини тўлиқ юритиш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш экани алоҳида таъкидланди. Бу орқали ҳам давлат, ҳам тадбиркор, ҳам истеъмолчи манфаатлари бирдек ҳимоя қилиниши қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари яратилаётган платформани янада такомиллаштириш, унинг функционал имкониятларини кенгайтириш ва туристлар учун янада жозибадор қилиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Айниқса, интерактив хариталар, кўп тилли хизматлар, онлайн брон қилиш ва электрон тўлов имкониятларини ривожлантириш бўйича илгари сурилган таклифлар қизғин муҳокама қилинди.

Бухоро вилояти солиқ бошқармаси ҳамда ишчи гуруҳ масъуллари томонидан тадбиркорларга солиқ маъмурчилигидаги сўнгги янгиликлар, рақамли хизматлар, қонунчиликда белгиланган енгилликлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, фаолиятни қонуний ва шаффоф юритиш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда замонавий рақамли ечимлардан кенг фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди.
Бугун рақамли технологиялар нафақат хизмат кўрсатиш сифатини юксалтирмоқда, балки туризмнинг янги имкониятларини очиб, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам кучли туртки бермоқда.
Қадимий ва ҳамиша меҳмондўст Бухоронинг рақамли трансформацияси унинг халқаро туризм харитасидаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун янада жозибадор манзилга айланишига хизмат қилиши шубҳасиз. Бу эса Янги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва туризм соҳасини уйғун ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида юксак аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири