Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов
Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси(AACC)нинг VII Конгресси ўз ишини бошлади.
“Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов” мавзусига бағишланган нуфузли анжуманда 18 давлатдан келган Конституциявий ва Олий судлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи ҳуқуқшунос олимлар – 100 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этмоқда.
Анжуманнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конгресс иштирокчиларига йўллаган табригини Президент Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова ўқиб эшиттирди.

Табрикда мамлакатимизда амалга оширилаётган суриштирув ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларида инсон ҳуқуқлари ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш энг олий устувор йўналиш экани, рақамли технологиялар даврида конституциявий одил судловни ривожлантириш замон талабига айлангани алоҳида таъкидланган. Бугунги мураккаб даврда жамиятда конституциянинг устуворлигини таъминлашда миллий қонунчилик билан бирга халқаро тажриба ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва шу жиҳатдан Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг фаолияти давлатлар учун ҳар томонлама фойдали бўлаётгани қайд этилган.
Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси (AACC – Association of Asian Constitutional Courts and Equivalent Institutions) – Осиё минтақасида конституциявий юрисдикцияни амалга оширувчи судлар ва шунга тенг ваколатга эга институтларни бирлаштирувчи минтақавий профессионал ҳамкорлик майдонидир. Ассоциация 2010 йил июль ойида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган ва бу ҳақдаги Жакарта декларация Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Монголия, Филиппин, Таиланд ва Ўзбекистон конституциявий юрисдикция институтлари томонидан имзолаган.

Ассоциация Осиёда демократияни ривожлантириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциявий судлар мустақиллигини қўллаб-қувватлаш, аъзо институтлар ўртасида конституциявий одил судлов соҳасида тажриба ва ахборот алмашиш каби вазифаларни ўз олдига қўйган. Ташкилот сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистон Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг асосчи аъзоларидан бири ҳисобланади. 2025 йил ноябридан 2027 йилгача Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ассоциацияга раислик қилмоқда.
Конгресснинг очилиш маросимида Ассоциациянинг айни вақтдаги президенти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов мамлакатимиз раислигида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ташкилот олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Очилиш маросимида иштирокчи давлатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилаётган конгресс глобал технологик трансформация шароитида қонун устуворлиги ва инсон қадр-қимматини таъминлашнинг янги механизмларини белгилаб олиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш юзасидан ўзаро тажриба алмашиш учун қулай фурсат эканлигини таъкидладилар.

Шундан сўнг нуфузли анжуманнинг биринчи – “Рақамли трансформация шароитида судьялар мустақиллиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги” мавзусидаги ялпи мажлис ўтказилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов асосий маъруза билан чиқиш қилди. Шунингдек, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Таиланд, Индонезия, Мьянма, Филиппин, Россия ва Испания юрисдикциялари вакиллари рақамли муҳитда конституциявий назоратни самарали ташкил этиш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
– Рақамли технологиялар, сунъий интеллект бугун ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланди, – дейди Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Бакит Нурмуханов. – Бу инсонлар учун жуда катта қулайликлар яратиши билан бирга, турли хавф ва таҳдидларни ҳам юзага келтирмоқда. Бундай шароитда бизнинг вазифамиз мувозанатни таъминлаш, инсоннинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ ва бошқа конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлашдир. Ушбу масалада бугун барча давлатлар ўз қонунчилигини такомиллаштирмоқда, давр талабидан келиб чиқиб, янги нормалар киритяпти, мавжуд нормаларни янада мустаҳкамлаяпти. Жумладан, биз ҳам яқинда қабул қилинган Қозоғистон янги конституциясида рақамли трансформация шароитида инсон ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоялаш юзасидан бир қатор конституциявий ўзгаришларни амалга оширдик.
Конгресснинг биринчи иш куни давомида Ассоциация Бош котиблари ва Аъзолар кенгашининг мажлислари, Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси вакиллари билан ишчи учрашуви, делегациялар раҳбарларининг икки томонлама ва кўп томонлама мулоқотлари ўтказилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари