Рақамлаштириш – сертификатлаш тизимини осонлаштирди (+видео)
“Ўзбекистон—2030” стратегиясида мамлакатимизни рақамлаштириш орқали фуқароларимизга қулай шарт-шароитлар яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу жумладан, Дон ва дон маҳсулотларини синовдан ўтказиш Марказий лабораториясининг рақамлаштирилиши деҳқон ва фермер хўжаликларининг мушкулини осон, узоғини яқин қилди. Энг муҳими жараёнлар тезлашди, тизим тўлиқ шаффоф тарзда, коррупциядан ҳоли ишламоқда.
“Ўзагроинспекция” қошидаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасасининг Марказий лабораториясига кириб борар эканмиз, бу ердаги сокинлик бизнинг эътиборимизни тортди. Бир пайтлар турнақатор навбатлар, шовқин-суронлар тўлиқ барҳам топган, замонавий муҳит яратилган. Эндиликда фермер, кластер хўжаликлари маҳсулотларини сертификатлаш учун бу ерларда сарсон юришлари шарт эмас. Масофавий хизматлар йўлга қўйилганлиги боис, мижоз ўз маҳсулотларини ким таҳлил қилаётганини билмайди, мутахассис билан мулоқотга киришмайди, ҳаммаси шаффоф. Фақатгина маҳсулот замонавий ускуналар ёрдамида синовдан ўтсагина сертификат берилади. Ушбу тизим қандай ишлаши ҳақида Марказий лаборатория мудири Аббосхон Усмонов билан суҳбатлашдик.
- Айтингчи, ушбу янги тизим қачондан бошлаб сертификат бера бошлади ва рақамлаштиришнинг афзаллиги нимада?
- Асосий вазифамиз дон маҳсулотлари намлиги, энг асосий кўрсаткичлари, дон аралашмаси, зараркунандалар билан зарарланганлиги, доннинг нотўғри оғирлиги, яъни бир литр ҳажмда қанча дон мавжудлигини аниқлашдан иборат. Нафақат дон маҳсулотлари, балки дуккакли, мойли маҳсулотларда барча таҳлиллар ўтказилиб, мижозларга натижалар тақдим этилади. Дон маҳсулотларидаги Глютен индексини аниқлаш йўлга қўйилган.
- Синов таҳлилларини олишлари учун мижозлар қай тартибда мурожаат қилишлари керак?
- Бир йилдан буён рақамлаштирилган тизим жорий қилинган. Шунга асосан мижоз ўзига сайт орқали буюртмасини беради. Бизнинг мижоз ҳақида маълумотимиз йўқ. Маҳсулот намунасини жўнатганидан сўнг, буюртмасига қараб қайси таҳлил натижаларини сифат кўрсатгичлари керак бўладиган бўлса, ўшанга қараб таҳлилни ўтказиб, сифат кўрсаткичларини далолатномага бириктириб, рақамлаштирилган тизим орқали жўнатиб юборамиз.
Албатта, барча соҳаларда рақамлаштиришнинг кириб келиши тармоқлар ривожида, фуқароларнинг вақт ва маблағларини тежашда, давлат органларининг фаолиятини тубдан яхшилаш ҳамда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Шундай экан бу объектив муқаррар жараёндир ва шу орқали Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатлар жаҳон ҳамжамиятига, дунё иқтисодиётига интеграцияси тезлашади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9EXgw3BEvLk" title="Raqamlashtirish – sertifikatlash tizimini osonlashtirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА