Радиациявий хавфга қарши амалий синов ўтказилди
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлигида ўтказилаётган “Хавфли объектларда профилактика – долзарб 30 кун ойлиги” доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти филиалида махсус-тактик ўқув машқи ташкил этилди.
Машқ “Ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ аварияларни бартараф этишда Фавқулодда вазиятларнинг давлат тизими хизматлари ҳамда масъул ташкилотларнинг ҳаракатлари” мавзусида ўтказилди.
Ўқув машқи давомида шартли равишда юзага келган радиациявий авария сценарийси асосида тезкор хизматларнинг ҳаракатлари амалий синовдан ўтказилди. Хусусан, хавфли ҳудудга тезкор етиб бориш, радиациявий разведка ишларини амалга ошириш, ифлосланиш ўчоғининг кенгайишини чеклаш, аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш ҳамда авария оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.
[gallery-30203]
Шунингдек, жалб этилган хизмат ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, куч ва воситаларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ҳам амалда синовдан ўтказилди.
– Фавқулодда вазият содир бўлганида энг муҳим омил — вақт ва тўғри қарор қабул қилишдир. Айниқса, ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ ҳолатларда ҳар бир ҳаракат аниқ режа асосида амалга оширилиши лозим. Бугунги ўқув машқи хизматларнинг тезкорлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини яна бир бор синовдан ўтказди. Бу каби машғулотлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади, – деди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Даврон Сулаймонов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА