Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт
Буюк мутафаккир шоиримиз ҳазрат Мир Алишер Навоий ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, деб ёзганлар.
Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур таратишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон, камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим.
Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатнома пайтида давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзларини эшитиб, яна бир бор шу юрт фарзанди эканлигимдан ифтихор туйдим. Ёшларга эътибор, кексаларга эҳтиром кўрсатиладиган бу юртда ҳар қанча хизмат қилсанг, фидокорона ишласанг арзийди.
Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши, давлат грантлари сонининг оширилиши, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендияларнинг жорий этилиши – ёшлар учун янада катта имкониятлар эшигини очиб берди.
Хусусий олий ўқув юртларига зарур мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизимининг йўлга қўйилиши ҳам битирувчи ёшларни ишсиз қолмасликларини кафолатлайди. Бундан ташқари аниқ фанларни ўзлаштирилишига бўлган эътибор ҳам ватан ривожига улкан ҳисса қўшиши билан бирга, ёшларни янгидан-янги кашфиёт, илм йўлида турли инновациялар қилишга ундайди.
30 ёшгача бўлган даврда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган, яхлит ва узлуксиз тизимнинг яратилиши – юртимиз ривожига янада кўпроқ ҳисса қўшишимизга муҳим туртки бўлади. Президентимиз таъкидлаганидек, ёшлар учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.
Биринчи марта 900 нафар чин етим ёшни уй-жой билан таъминлашга бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилиши ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ҳам нормал ҳаёт кечиришига, бу ёшларни ҳам қийналмай иш бошлашларига катта кўмак бўлади.
Мурожаатномада ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун шароит яратиш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, муаммолари билан мунтазам равишда шуғулланиш, айниқса, қиз болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар зиммамизга жуда катта масъулият юклайди ва буни шараф билан бажаришга тайёрмиз.
Аҳрорбек Акбаров,
Миллий тикланиш демократик партияси
Наманган вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.