Қуёшдан атомгача: Ўзбекистон энергетик бурилиш остонасида
Ўзбекистон яқин беш йил ичида электр токи ишлаб чиқариш миқдорини 82 миллиард киловатт-соатдан 120 миллиард киловатт-соатга етказишни мақсад қилган. Саноат кенгайиши, аҳоли сони ўсиши ва рақамли иқтисодиёт жадал ривожланиши соҳани янги босқичга олиб чиқмоқда. Айни жараён Марказий Осиё миқёсида йирик сармоявий синови сифатида баҳоланмоқда.
Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиққан Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш режасини маълум қилган. Бу даражага эришиш учун мамлакат “яшил” энергетика лойиҳаларига қарийб 6 миллиард доллар жалб қилди ва яна 4 миллиард доллар электр узатиш тармоғини такомиллаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Мазкур жараёнда халқаро молия институтлари фаол иштирок этмоқда. Айниқса, EBRD томонидан қўллаб-қувватланаётган йирик қуёш электр станциялари ва қувват сақлаш тизими республикамиз энергетикасининг янги қиёфасини шакллантирмоқда. Қашқадарёдаги “Masdar” лойиҳаси ва “ACWA Power” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бошқа йирик объектлар мамлакатнинг қайта тикланувчи энергия соҳасидаги улкан мақсадларини намоён этяпти.
Масала фақат қуёш ва шамол энергияси билан чекланмайди. Жиззах вилоятида биринчи атом электр станцияси қурилиши бошланди. Лойиҳа икки йирик ва яна бир кичик модулли реакторни ўз ичига олади. Мутахассислар фикрича, атом энергетикаси электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш билан бирга табиий газдан иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида самарали фойдаланиш имконини яратади.
Таҳлилчилар Ўзбекистон энергетика стратегияси энди шунчаки ишлаб чиқариш вазифасидан кўра анча кенг маъно касб этмоқда. Яъни, саноат қувватини ошириш, маълумот марказлари, сунъий интеллект инфратузилмаси ва бутун иқтисодиётни таъминлайдиган экотизим яратиш режаси тузилган. Соҳа муваффақияти нафақат миллий тараққиёт, балки бутун минтақа сармоявий муҳити учун муҳим мезонга айланиши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА